Панама ҳужжатлари: Президентлар пулларини қандай яширишади?

Image caption Mossack Fonseca қонунни бузмаганини айтмоқда

Панама ҳужжатларига муносабат билдирар экан, президент Путиннинг матбуот воизи Дмитрий Песков айни масалада ҳозир маҳкамага мурожаат қилишдан бирор мантиқ йўқлигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, мазкур суриштирув-тадқиқотда президент Путин борасида аниқ ва ёки янги ҳеч нарса йўқ.

"Буларнинг бари ҳозир миш-мишлардир", деб айтган Песков.

Панамада жойлашган Mossack Fonseca ҳуқуқий ширкати ўзи таъсис этган ширкатларнинг фаолияти учун жавобгар эмас, деб айтган унинг асосчиси Рамон Фонсека.

У шунингдек, Mossack Fonseca ҳеч қандай ноқонуний амалиётларда иштирок этмаганини урғулаган.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Mossack Fonseca қатор ҳолатларда мижозларга пулларни ювиш, солиқ ва жазо чораларидан қочишда ёрдам берганини кўрсатувчи ҳужжатлар чоп этилганди.

Рамона Фонсеки ушбу ҳужжатларнинг чоп этилишини "жиноят" деб атаган.

"Бу жиноят. Махфийлик инсоннинг тамал ҳуқуқи. Ҳар қандай одам, шоҳ ҳам, гадо ҳам шахсий ҳаёт дахлсизлигига ҳуқуқига эга", деб айтган жаноб Фонсека Франс Пресс агентлиги билан суҳбатда.

Аввалроқ Панама расмийлари "панама ҳужжатлари" юзасидан очилиши мумкин бўлган жиноий ишлар юзасидан ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришган.

Матбуотга сизган ҳужжатларда 72 нафар собиқ ва амалдаги давлат раҳбарлари, шунингдек, кўпгина машҳур ширкат ва инсонларнинг номи тилга олинган.

Уларда Россия президенти Владимир Путин, Украина президенти Пётр Порошенко, Миср ва Ливиянинг собиқ раҳбарлари Ҳусни Муборак ва Муаммар Қаддофий ҳамда Сурия президенти Башар Асадларнинг оиласи ва сафдошларига алоқадор махфий офшор ширкатлари ҳақида маълумотлар берилган.

Батафсилроқ-Панама Ҳужжатлари: сиздирма казоларнинг солиқ паноҳларини фош этади

Путин

Журналистларнинг айтишларича, Россия президенти Путиннинг яқин дўстлари Россия Банки воситасида пул ювиш орқали эртаклардагидек бойиб кетишган.

Ҳужжатларда Путиннинг дўстларига алоқаси борлиги айтилган тўрт ширкат тилга олинади.

Булар- Sonnette Overseas, International Media Overseas, Sunbarn и Sandalwood Continental ширкатларидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Владимир Путин Санкт-Петербург Мусиқа уйининг бадиий раҳбари Сергей Ролдугин билан. 2009 йилда олинган сурат

Бу ширкатларнинг барчаси офшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган ва Путиннинг яқин дўсти Юрий Ковальчук раҳбарлик қиладиган Россия Банки билан алоқадор.

Ҳужжатлардан англашилишича, International Media Overseas ва Sonnette Overseas ширкатлари расман виолончелист созанда Сергей Ролдугинга тегишлидир.

У Владимир Путин билан болалигидан дўст экани ва Путиннинг қизларидан бирининг чўқинтирган отаси экани билан жамоатчиликка таниш.

Бу икки ширкат мисолида сўз 2 миллиард доллардан ортиқроқ маблағлар ҳақида бораётган бўлиши мумкин.

Журналистлар суриштирувида Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, иқтисодий тарақиёт вазири Алексей Улюкаев, ИИВ вазир ўринбосари Александр Махонов, Хавфсизлик кенгаши раиси Николай Патрушевнинг ўғли Алексей Патрушев, Давлат Думаси депутатлари Виктор Звагельский ва Александр Бабаковлар ҳамда Путинниг дўсти ва олигархнинг ўғли Игорь Ротенберг ҳам бор.

Россия расмийлари журналистик текширув натижаларини шарҳлашни истамаганлар.

Ҳужжатлар ошкор этилишидан бир ҳафта аввал Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков гўёки матбуот воситалари Путин ва унинг атрофидагиларга ахборот ҳужумини тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантирди.

“Албатта, гап шахсан Путин ҳақида, унинг оиласи ҳақидаги маълумотларни қўлга киритиш ҳаракатлари, унинг болаликдаги дўстлари, тадбиркорлар, жумладан Ковальчук, Ротенберг ва бошқалар, қандайдир ошфор компаниялар, Путин умрида кўрмаган кўп сонли тадбиркорлар ҳақида кетяпти”, - деб айтган жаноб Песков.

Путин дўстларининг йирик шубҳали келишувлари ҳақида маълумот чоп қилинди

Алиевлар

Mossack Fonseca ширкатининг матбуотга сизган ҳужжатларида жумладан, ўзлари бошқараётган давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланаётган диктаторлар ҳам бор.

Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми (ICIJ)нинг иддао қилишича, Панамадаги офшор ширкат эгалари орасида Озарбайжон президентининг оиласи ҳам бор.

Сиздирилган ҳужжатларда айтилишича, Озарбайжон президентининг рафиқаси, фарзандлари ҳамда синглиси "олтин конлари ва Лондондаги кўчмас мулк соҳасида махфий ҳиссаларга эга бўлиш учун "Панамадаги ширкатлардан истифода қилишади".

Президент Алиевнинг матбуот хизмати ушбу маълумотларни шарҳлашдан бош тортган, аммо 2013 йилда шунга ўхшаш иддаолар юзага чиққан пайт жаноб Алиевнинг матбуот котиби "Президент қизларининг бизнес билан шуғулланишга ҳақлари бор"лигини айтган эди.

Порошенко

Украина президенти Пётр Порошенконинг вакили унинг номидаги ширкат таъсис этилишининг Украинадаги сиёсий ва ҳарбий воқеаларга алоқаси йўқлигини айтган.

Молиявий маслаҳатчиларнинг айтишларича, Prime Asset Partners нинг таъсис этилиши президентга қарашли Roshen ҳиссаларининг сотилиши билан боғлиқ.

Image caption Панама расмийлари бўлажак терговларда ҳамкорликка тайёр эканликларини айтишган

Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми (ICIJ) нинг Порошенко маслаҳатчиларидан иқтибос келтиришича, бу каби тизим "Украинадаги бозор тажрибасига мос келади".

Гарчи жаноб Порошенко ҳиссадор бўлса ҳам, унинг ҳиссалари махсус лицензияга эга ширкат томонидан бошқарилади, деб айтишган маслаҳатчилар.

Президент Порошенко миллиардер ва шоколад ишлаб чиқарувчи Roshen ширкатининг эгаси саналади.

2015 йилда президент этиб сайланган Порошенко олигархлар ва монополияларга қарши курашишга ваъде берган эди.

Mossack Fonseca ширкатининг матбуотга сизган ҳужжатларида жумладан, ўзлари бошқараётган давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланаётган диктаторлар ҳам бор.

Якшанба куни чоп қилинган ҳужжатларда шунингдек, Буюк Британия Бош вазири Девид Камероннинг марҳум отаси,Хитой Коммунистик партияси раҳбарияти аъзолари, Исландия Бош вазири Сигмюндюр Давид Гюннлёйгссон, Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакнинг ўғли,Покистон Бош вазири Навоз Шарифнинг фарзандлари, ФИФАдаги мансабдор шахслар ва футболист Лионел Месси ҳам бор.

Mossak Fonseca компанияси вакиллари ICIJ журналистларига ҳеч қандай қонунларни бузмаганларини айтишди.

Ширкатнинг журналистлар боғланган кўплаб мижозлари барча айбловларни рад этишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.