Алиевнинг қизлари миллиардларга эгалик қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Лейли ва Арзу Алиевалар.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг қизлари қиймати миллиардлаб долларга баҳоланадиган олтита олтин конларига эга ширкатнинг 56 фоиз ҳиссаларини бошқаришади. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш марказининг Mossack Fonseca ҳуқуқий ширкати сиздирилган маълумотларига асосланган янги тадқиқотида айтилмоқда бу ҳақда.

Олти йил олдин Озарбайжон Президенти бу олтин конларни ишлатиш ҳуқуқини Британиянинг қандайдир ширкати ва уч оффшор идорасига берган. Аслида эса, олтин конлар Алиев оиласи назоратига ўтказилган, деб таъкидлайди марказ.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш марказининг ҳозирда қамоқдаги озарбайжонлик журналист Хадича Исмоилова билан ҳамкорликда 2012 йил ўтказган тадқиқотлари Алиевлар оиласида олтин конларини бирлаштирган ширкатнинг 11 фоиз ҳиссалари бор, деб хулоса қилган.

Бироқ, Алиев қизларининг ҳиссалари тахмин қилинганидан анча кўпга ўхшайди, дейилади марказнинг янги ҳисоботида.

Image caption Озарбайжоннинг биринчи хоними Меҳрибон Алиева қизлари билан.

Олдинроқ Алиевнинг матбуот хизмати "Қонун президент фарзандлари тижорат тизимларни бошқаришини тақиқламайди", деб айтган Би-би-си Озарбайжон хизматига.

Президент матбуот сўзчисининг журналистларга билдиришича, Алиевнинг қизлари қонунга қарши ҳеч нарса қилишмаган.

"Улар Озарбайжоннинг тўла ҳуқуқли фуқаролари ва ўз шахсий бизнеслари бўлишга ҳақлари бор. Бу тақиқланмаган", дейди президент сўзчиси Озер Гасимов.

Алиевларнинг олтин ишлаб чиқариш корхоналарида махфий ҳиссалари борлиги тўғрисида чиққан гапларни изоҳлай туриб, жаноб Гасимов "у ҳужжатларда нима ёзилганини билмаслиги"ни айтган. Президентнинг болалари ҳам Озарбайжон фуқаролари ва барча инсон бизнес билан шуғулланишга ҳаққи бор, деб қўшимча қилган у.

Панаманинг Mossack Fonseca ҳуқуқий ширкатининг сиздирилган миллионлаб ҳужжатлари немис тилидаги Suddeutsche Zeitung рўзномасига берилган. Нашр эса бу ҳужжатларни аввало Коррупция ва жиноятчиликни ўрганиш марказига ҳамкорлик қиладиган журналистик тадқиқотлар халқаро консорциуми билан бўлишган.

Консорциумга кўра, ҳужжатлар Панамадаги оффшор ширкатларга эгалик қилувчи шахслар орасида Алиевлар ҳам борлигини кўрсатади.

Журналистларнинг сўзларига қараганда, Озарбайжон Президентининг хотини, болалари ва синглиси "олтин ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳиссалари ва Лондондаги кўчмас мулкларга яширинча эгалик қилганлар".

Айни вақтда журналистлар, бу инсонлар шу тариқа қонунларни бузган, деб ҳисобламайдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ