'Панама ҳужжатлари': Ғарбда сиёсий тўфон, Россияда жимлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Журналистлар офшор ҳисобларига доир 11 миллион ҳужжатларни қўлга киритишган

"Панама ҳужжатлари"да тилга олинган ноқонуний офшор ширкатларини тузиш ҳолатлари катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

Айни вақтда Исландия Бош вазири маблағларини оффшор ширкатларда яшириш айбловлари ва мамлакат аҳолисининг норозилик намойишлари ортидан сешанба куни истеъфо берган.

Бунгача Гюннлёйгссон истеъфога кетишни рад қилган ва ҳатто президент Оулавюр Рагнара Гримссондан оффшор ширкатлар бўйича жанжаллар манзарасида мамлакат парламентини тарқатиб юборишни сўраганди.

Панама Бош прокуратураси ҳам "панама ҳужжатлари"да тилга олинган ноқонуний офшор ширкатларини тузиш ҳолатлари юзасидан жиноий тергов бошлашга ҳозирлигини билдирган.

"Миллий ва халқаро матбуотда "панама ҳужжатлари" сифатида келтирилган материаллардаги далиллар жиноий терговга асос бўлади", дейилади Бош прокуратура хабарида.

Аввалроқ президент Хуан Карлос Варела Панама можароли сиздирмалар билан боғлиқ ҳар қандай текширувда иштирок этиш ва ҳамма давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирганди.

"Биз Панама ва бутун дунё молия тизимини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай чиқиш, ҳар қандай текширувни олқишлаймиз, токи бу тизим ҳач қачон жиноий мақсадда ишлатилмасин", -деган Панама раҳбари.

Аввалроқ Панаманинг Mossack Fonseca ҳуқуқий ширкатига тегишли миллионлаб махфий ҳужжатлар жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларига сизган эди.

Ҳужжатлардан англашилишича, Mossack Fonseca қатор ҳолатларда ўз мижозларига пулларни ювиш, солиқдан қочиш ва жазо чораларини айланиб ўтишга ёрдам берган.

Уларда жаъми 72 нафар собиқ ва амалдаги давлат раҳбарлари, жумладан, ўз мамлакатларини талон-тарож қилган диктаторларнинг номлари келтирилган.

Mossack Fonseca ноқонуний фаолиятга алоқаси йўқлигини айтиб, ҳужжатларнинг чоп этилишини "жиноят" деб атаган.

Сиёсий тўфон

Айни пайтда "панама ҳужжатлари" Исландияда сиёсий тўфонга сабаб бўлган.

Пойтахт Рейкявикда минглаб одамлар бош вазир Сигмюндюр Гюннлейгссоннинг истеъфосини талаб қилиб чиқишган.

Якшанба куни чоп этилган махфий ҳужжатларда айтилишича, Гюннлейгссон Исландиянинг молиявий инқироз чоғида давлатдан ёрдам олган банкларида ўз манфаатларига эга бўлган, аммо буни даромадлари ҳақидаги баённомада кўрсатмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Намойишчилар бош вазирнинг истеъфосини талаб қилишмоқда

Душанба куни Channel телеканалига берган интервюсида бош вазир "панама ҳужжатлари" туфайли истеъфога кетмаслигини айтган.

Гюннлейгссоннинг айтишича, бу ҳужжатларда "ҳеч қандай янги гап йўқ".

Унга кўра, ҳукумат яхши натижаларни кўрсатаяпти ва ишни ниҳоясига етказиш муҳим.

Кэмерон ноқулай аҳволда

"Панама ҳужжатлари"да Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг 2010 йилда вафот этган отаси Иэн Кэмерон бир қанча мижозларнинг пул ювишига ёрдам бергани қайд этилган.

Айтилишича, Mossack Fonseca мижозлари орасида бўлган Иэн Кэмероннинг Blairmore ширкати даромадларини яшириш мақсадида мураккаб схемалардани фойдаланган ва узоқ йиллар давомида Британияда бир тийин ҳам солиқ тўламаган.

Аввалроқ жаноб Кэмерон "солиқ жаннатлари" деб таърифланадиган офшорларда шаффофлик ва солиқдан қочишларга қарши курашга чақирганди.

Image caption Иэн Кэмероннинг Blairmore ширкати даромадларини яширган

Кэмероннинг матбуот хизмати "панама ҳужжатлари"даги маълумотларни шарҳлашдан бош тортган.

Журналистларнинг Кэмеронлар оиласи ҳали ҳам офшор ҳисобига пул қўядими, деган саволига жаноб Кэмероннинг вакили "бу уларнинг шахсий иши" дея жавоб қайтарган.

У бош вазир солиқдан қочишга қарши қатор чоралар кўрганини ҳам урғулаган.

Айни пайтда Буюк Британия Солиқ ва божхона хизмати ҳужжатларни эълон қилган Журналистик тадқиқотлар халқаро концорциумидан Кэмероннинг отасига доир маълумотларни ўзларига тақдим этишни сўраган.

"Blairmore" эга ҳиссаларидан фойдаланишни 2006 йилда тўхтатган, аммо мазкур компания ҳали ҳам Британияда солиқ тўламаган.

"Blairmore" Девид Камероннинг Абердиншир графлигидаги ота-боболари яшаб келган кошона номини олган.

Турфа муносабатлар

"Панама ҳужжатлари"га ғарб ва шарқда билдирилаётган муносабатлар турлича.

Ҳужжатларда бошқа кўплаб шахслар ва ширкатлар қаторида Россия Президенти Владимир Путин, Украина раҳбари Пётр Порошенко, Хитой Коммунистик партияси раҳбарияти аъзолари, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг қизлари, Мисрнинг собиқ раҳбари Ҳусни Муборакнинг ўғли, Покистон Бош вазири Навоз Шарифнинг фарзандлари, ФИФАдаги мансабдор шахслар ва футболист Лионел Мессига оид маълумотлар келтирилган.

"Панама ҳужжатларининг Россияга тааллуқли қисми Президент Путиннинг дўстларини ўз ичига олади.

Журналистларнинг айтишларича, Россия президенти Путиннинг яқин дўстлари Россия Банки воситасида пул ювиш орқали эртаклардагидек бойиб кетишган.

Ҳужжатларда Путиннинг дўстларига алоқаси борлиги айтилган тўрт ширкат тилга олинади.

Булар- Sonnette Overseas, International Media Overseas, Sunbarn и Sandalwood Continental ширкатларидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Песков ҳужжатларни "Путинга ҳужум" деб атаган

Бу ширкатларнинг барчаси офшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган ва Путиннинг яқин дўсти Юрий Ковальчук раҳбарлик қиладиган Россия Банки билан алоқадор.

Ҳужжатлардан англашилишича, International Media Overseas ва Sonnette Overseas ширкатлари расман виолончелист созанда Сергей Ролдугинга тегишлидир.

У Владимир Путин билан болалигидан дўст экани ва Путиннинг қизларидан бирининг чўқинтирган отаси экани билан жамоатчиликка таниш.

Бу икки ширкат мисолида сўз 2 миллиард доллардан ортиқроқ маблағлар ҳақида бораётган бўлиши мумкин.

На Россия Бош прокуратураси ва на Тергов қўмитаси "панама ҳужжатлари"га қизиқиш билдирмаган.

Аммо Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳужжатларни Россияга ва биринчи навбатда "шахсан Президент Путинга қарши қаратилган ҳужум" деб атаган.

Жаноб Песков шунингдек, ўз рафиқасининг офшор ҳисоби борлиги ҳақидаги маълумотларни ҳам рад этган.

Украина Президенти Порошенконинг воизи эса, "офшор ширкат очиш жиноят эмас"лигини айтган.

Порошенконинг молиявий маслаҳатчиларига кўра, "панама ҳужжатлари"да номи келтирилган Prime Asset Partners нинг таъсис этилиши президентга қарашли Roshen ҳиссаларининг сотилиши билан боғлиқ.

Озарбайжон Президентининг матбуот хизмати ҳам "панама ҳужжатлари"ни шарҳламаган.

2013 йилда шунга ўхшаш иддаолар юзага чиққан пайт жаноб Алиевнинг матбуот котиби "Президент қизларининг бизнес билан шуғулланишга ҳақлари бор"лигини айтган эди.

Тақиқ ва чекловлар

Хитой ҳукумати эса "панама ҳужжатлари"ни қоралаган ва тафсилотларни ёритишга чеклов қўйган.

Хитой махфий ҳужжатлардаги маълумотлар юзасидан текширув ўтказадими, деган саволга Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили "биз бу асосссиз даъволарни шарҳламаймиз", дея жавоб қайтарган.

Давлат матбуоти "панама ҳужжатлари" ҳақида деярли хабар бермаган.

Интернетда "панама ҳужжатлари" деган қидирувга тақиқ қўйилган.

Хитойлик фойдаланувчилар қидирув берганлари тақдирда "маълум қонун ва қоидаларга зид бўлиши мумкин ва шунинг учун ҳам кўрсатилмайди" деган жавобни олишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.