Миллий гвардия тузилди, муҳожирлик хизмати ИИВга ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия Президенти Владимир Путин ИИВ таркибида Миллий гвардия тузилганини эълон қилди.

Путиннинг сўзларига кўра, янги тизимнинг вазифаси терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишдир. Шунингдек, Миллий гвардия ОМОН, СОБР каби махсус бўлинмаларнинг функцияларини ҳам давом эттиради.

Бироқ Миллий гвардиянинг тузилиши ИИВнинг ички қўшинларининг, шунингдек, ОМОН ва СОБРнинг қайта таркибини англатадими, бу ҳозирча номаълум.

Миллий гвардия бўлинмалари дунёнинг кўп мамлакатларида мавжуд. Уларнинг вазифаси одатда мамлакат ҳудудида қонунга риоя қилишни ва жамоатчилик хавфсизлигини таъминлашдир. Гвардиячилардан кўпинча полиция кучи етарли бўлмаган ва қонун армиядан фойдаланишга имкон бермаган ҳолларда фойдаланилади.

Энг машҳур бўлинмалардан бири АҚШ Миллий Гвардияси бўлиб, 1903 йилда тузилган. Қўшма Штатлар қуролли кучлари заҳирасидаги Миллий Гвардия Вашингтон ва алоҳида штат ҳукуматларига бўйсунади.

Россияда шу пайтгача бу вазифалар ИИВ ички қўшинлари зиммасига юкланган ва мамлакат ички хавфсизлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш вазифасини бажарган. Бундан ташқари терроризмга қарши кураш, муҳим объектларни қўриқлаш ҳам уларнинг масъулиятида бўлган.

Ички қўшинлар таркибида бўлмаган ОМОН ва СОБР махсус бўлинмалар оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш, намойишларни тарқатиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашга жалб қилинади.

Украинада ҳам 1991-2000 йилларда амал қилган Миллий гвардия 2014 йилда мамлакатдаги вазиятдан келиб чиқиб, қайта тузилган.

Муҳожирлик хизмати
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россияда ички қўшинлар таркибида яна бир ўзгариш бўлган.

Президент Путин қарори билан Федерал Муҳожирлик Хизмати ва Гиёҳванд моддалар тарқатилишини назорат қилиш федерал хизмати фаолияти ИИВга бўйсундирилган.

ФМС ва ФСКН хизматлари вазифалари тақсимланиши ҳақида олдинроқ хабарлар чиққан.

Федерал Муҳожирлик хизмати бу хабарлар манзарасида Москва ва Москва вилоятида патруллик амалиётларини ўтказган. Мақсад ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ва мамлакатдан чиқариб юбориш эканлигини айтган. Бироқ кузатувчилар бунинг сабаби иқтисодий инқироз ва Муҳожирлик ва Гиёҳвандликка қарши кураш хизматларининг тўлиқ самара бермаганига боғлашган эди.

Гиёҳвандликни назорат қилиш хизмати раҳбари Виктор Ивановга кўра, Россияда гиёҳвандларнинг сони 80 йилларнинг охиридан бери 146 марта ошган. Бу каби кескин ўсишга чегара тартибини сабаб қилиб келтирганди.

Бундан ташқари Думада ва интернет тармоқларида Россияда муҳожирлик билан боғлиқ вазият ўзгармагани, ноқонуний муҳожирларнинг сони камаймагани айтилиб, ФМХ фаолияти кескин танқид қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria Novosti

Ҳуқуқ фаоллари ҳам ФМХ меҳнат муҳожирларининг муаммоларини енгиллаштириш ўрнига, аксинча муҳожирлар билан боғлиқ соҳаларда порахўрликни кучайтирганини, Федерал Муҳожирлик хизмати ўзини оқламаганини қайд этганлар.

Бироқ баъзи кузатувчилар фикрича, коррупция мавжуд экан, янги бўлинмалар фаолиятидан қандайдир кутилмаган натижаларни кутиш барибир бефойда бўлиб қолаверади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ