Савченко қуруқ очлик эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россиялик икки журналист ўлимига алоқадорликда айбланиб, 22 йилга озодликдан маҳрум этилган украиналик зобит Надежда Савченко маҳкама ҳукмига норозилик маъносида қуруқ очлик бошлаган.

Савченконинг очлик эълон қилгани ҳақида унинг Твиттердаги саҳифасида ҳимоячи Марк Фейгин маълум қилган.

Ҳукм чиқарилгандан сўнг Савченко унинг ижроси кучга кирган кундан бошлаб қуруқ очлик бошлашини билдирганди.

Надежда Савченко устидан ҳукм 5 апрелда кучга кирган ҳисобланади. Бунгача ҳеч бир томон ҳукм тўғрисида шикоят қилмаган.

Май ойи охирида Россия маҳкамаси Савченкони Донбассда икки рус журналистини ўлимида, тинч фуқаролар ҳаётига дахл қилиш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича айбдор деб топганди.

Савченконинг ўзи айбловларни тан олмаган ва журналистлар ўлимидан олдин асирга тушганини, бу воқеага алоқадор бўлиши мумкин эмаслигини билдирган. Унинг айтишича, ўзини Россияга мажбуран олиб киришган, бу чегарани ноқонуний кесиб ўтганини англатмайди.

Надежда Савченко Россия маҳкамаси чиқарган ҳар қандай ҳукмни тан олмаслигини айтган. Украина ҳукумати ўзини мамлакатга қайтариш учун керакли имкониятларни ишга солишига умид билдирган. Савченкони Украинада асирга олинган россияликка алмашиш мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан.

Бироқ Россия ҳукумати бу тўғрисида аниқ изоҳ бермаган.

Украина Президенти Пётр Порошенко Донбассда ҳибсга олинган икки рус ҳарбийсига Савченкони алмашишни таклиф қилган, бироқ бу ҳақда ҳам ҳали қандай қарор борлиги номаълум.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Савченкони кимгадир алмашиш ҳақида маълумот йўқлиги, бундай қарорни фақат президент бера олишини қайд этган.

Олдинги марта Савченко маҳкамага норозилик сифатида 3 мартда қуруқ очлик бошлаган, ўшанда маҳкама унга нисбатан ҳукм ўқишни бошқа кунга қолдирган эди.

Бир ҳафтадан сўнг у Президент Порошенко номидан ўзига ёзилган мактуб туфайли сув ича бошлаган. Бироқ кейин Украина Президенти матбуот хизмати ҳеч қандай хат ёзилмагани тўғрисида билдиргач, у пранкерлар томонидан ёзилгани маълум бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - http://bbc.in/1RWaATf
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/1TzgAUw)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ