Дунёдаги энг аҳмоқона ўғриликлар

Image caption Робинсон ва Хатчисон ўзларининг расмларини Фейсбукка қўйишади.

Шу ҳафта Англиянинг Бредфорддаги маҳкамаси икки товламачининг ишини кўриб чиқди.

Икковлоннинг қилмиши оддий ўғриликдан фарқ қиларди, йиғлашни ҳам кулишни ҳам билмайдиган даражада эди бу фарқ...

Бенжамин Робинсон ва Даниэл Хатчинсон Скегнесс автомат ўйинларни тунашган.

Қизиғи шуки, икковлон жиноятни амалга ошириш давомида селфи олишган.

Полиция учун бу мисли кўрилмаган “қилиқ” айни муддао эди.

Ўғриларга ўташ муддати кечиктирилган ярим йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Зотан, англиялик бу селфисевар майда жиноятчилар дунё жиноий оламида “қовун туширганлар” рўйхатида биринчиси ҳам ва афтидан охиргиси ҳам эмас экан.

Йўлдамиз. Ҳибсга оламиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Эндрю Хеннелс

Қуролланган ўғри Эндрю Хеннелс ўзининг Facebook саҳифасига селфи сурати ва пичоқ расмини жойлайди.

“Ўғрилик қилмоқдаман.Тескода”, деган ёзувни ҳам илова қилади.

Роса 15 дақиқа ўтганидан кейин полиция уни Норфолкнинг Кингз-Линн шаҳридаги Теско дўконидан ўғирланган 410 фунт нақд пул ва пичоқ билан ушлайди. Ўтган йил апрел ойида уни 4 йилга озодликдан маҳрум қилишди.

Ким хонамни саранжом қилиб қўйди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Allan Bentley Cavendish Press
Image caption Лукаш Чойновский ўғирликка кириб, уйни тозалаб қўяди.

2014 йилда нафақадаги эр-хотин англиялик Пэт Дайсон ва Мартин Холтби таътилдан уйга қайтишади.

Ўз ўринларида...ухлаб ётган босқинчи ўғрини кўриб қолишади.

Уларни ҳайратга солгани Лукаш Чойновский исмли полшалик ўғри нафақат барча идиш товоқларни ювиб қўйган, уйни тозалаган, балки супермаркетдан оз бўлса ҳам харид қилиб келган бўлади.

Уй бекаси таътилга кетиш аввал хоналарнинг жуда тўзиганини айтади.

Аммо 28 яшар ўғри “тозакор” чиқиб қолади.

"Рости, у битта товамизни куйдириб қўйибди, аммо бунақаси доим бўлади», дейди Пэт Дайсон.

Чойновский эса айбига иқрор бўлади. Уни шартли 2 йил қамоқ жазосига ҳукм қилишади, 200 фунт жарима ҳам солишади.

Бир бор экан, бир йўқ экан...учта пингвин яшаган экан

Image caption Ахмоқ сайёҳлар пингвинни ваннада сақлашади.

Уэлслик икки сайёҳ Австралияга дам олгани боради.

Аммо ичволиб икковлон аквапаркдан...Дирк исмли пингвинни ўғирлашади.

Йигирма яшар Риз Оуэн Жонс ва Кери Мюлз Квинсленддаги дам олиш масканига ноқонуний киришади.

Делфинлар билан чўмилишади, акулаларни ўт ўчириш жиҳози билан қўрқитган бўлишади ва Дирк исмли пингвинни “қуён” қилишади.

Эртасига кучли бошоғриқ билан уйғонишади, қарашса, хонанинг ўртасида пингвин юрибди.

Ҳимоячиларига кўра, “ улар жониворга яхши қарашган,овқатлантиришган, чўмилтиришган...”

Кейинроқ пингвин Диркни улар шу атрофдаги анҳорга олиб боришади. Полиция худди шу ерда уларни ҳибсга олади.

Ҳакам уларга 1000 Австралия доллари миқдорида жарима солади ва “камроқ ароқ ичишни” маслаҳат беради.

Пингвинни эса яна истироҳат боғига қайтаришади.

Ёмон чиққан расм

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lima Police Department
Image caption Доналд "Чип" Пюга полициядаги сурат ёқмай, бошқасини юборади.

Вандализмда айбланган Доналд “Чип” Пю Оҳаё штатидаги полицияга селфи олиб жўнатади.

Унга полициянинг ҳибсга олиш ҳақидаги қоғозида ўзининг расми ёқмайди.

Полициядан қочиб юрган Доналд маҳаллий радиоканалга интервью ҳам беради.

“Мен уларнинг қоғозидаги расмда жуда хунук кўринаман. Мени ёмон суратга олишган...ким билади кимга ўхшайман бу суратда. Бунақаси кетмайди”, дейди у.

Оҳаё полицияси эса, “ Унга сурат билан ёрдам бергани учун раҳмат, аммо бир ҳузуримизга келса, яхши бўларди. Гаплашадиган гап кўп”, деб жавоб беради.

Азизим, мана мен!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Not Specified
Image caption Муҳаммад Аҳсон ҳам полицияни ҳайратга солади.

Ҳуқуқ-тартибот ходимларини Толибларнинг қўмондонларидан бири роса ҳайратга солди.

У полицияга ўзини топширгани учун 100 доллар сўрайди.

Муҳаммад Аҳсонни Афғонистон шарқида ҳукумат ва Америка кучларига ҳужумларни уюштиришда гумон қилишган.

2012 йилда у полиция идорасига келиб, ўзининг расми туширилган қидирув қоғози ва мукофот пули ҳақидаги эълонни кўрсатиб, 100 доллар талаб қилади.

Идорадигилар унинг бу қилиғини тушунишмайди, аммо америкаликлардан бири журналистларга “қип-қизил аҳмоқ экан” деб “тушунтиради”.

Қамоққа? Бодринг билан? Ҳазиллашаяпсизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption Бодринг ва аниқ муддат.

2014 йилда Глазгода бир киши букмейкер дўконига ҳужум қилади.

Унинг “қуроли” қора пайпоқ ичига беркитилган бодринг эди.

Аммо ўша ердан бўлган полициячи уни “қуролсизлантиради”.

Ҳарри Раф кейинроқ буни ҳазил эканини даъво қилади, қамоқ жазосини беришганидан ҳайратдалигини изҳор қилади.

Тажрибасиз ўғри

Англиянинг Абингдон шаҳарчасидаги бу ўғрилик камерага муҳрланиб қолган.

29 ёшли Жеймс Аллан кичикроқ дўконни тунашга киради ва ...бошидаги ниқобини ечади.

Уқувсизлигидан ичимликларни ерга ағдариб юборади, кейин эса қочишга ҳаракат қилади, аммо эшикни очолмайди.

Буни ёши каттароқ бир аёл уддалайди. У айнан шу аёлни у бир неча дақиқа аввал ўйинчоқ тўппонча билан тунамоқчи бўлган эди.

Бундан ташқари у худди шу дўконни ўн кун давомида турфа йўллар билан тунаш учун самарасиз ҳаракат қилади.

Унга ўғрилик учун 3 йил, қурол ( ёки ўйинчоқ қурол) билан қўлга тушгани учун яна 2 йил қамоқ жазоси беришади.

Бэдман ( таржимада “ёмон одам”) яхши одам эмас

Image caption Бэдман камера қаршисида ўғри маскасини ечиши керакмаслигини унутиб қўйди.

Уэлслик Бэдман қўшни шаҳардаги меҳмонхонани тунамоқчи бўлади.

Бу ерда ҳар йили ўтадиган Элвис Преслининг қиёфадошлари байрами кечаётган эди.

Бэдман ўз мақсадига эришиш учун меҳмонхонага кириб келади.

Бошига пластик пакет кийволади.

Орадан кўп ўтмай унинг дами қайтади ва пакетни бошидан олади.

Унинг тепасида эса видеокузатув камераси борлигини сезмайди.

Полиция учун бу керагидан ортиқ далил эди...

Бунақа кийинишмайди ҳозир...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Wales News Service
Image caption Дин Смита кўзойнак ёрдам бермади.

Уэлслик Дин Смитнинг кийими мода русумларига мутлақо ёт тушгани ошкор бўлиб қолади.

У ўғриликка чиқар экан, қора кўзойнак тақишни унутмайди.

Аммо пайпоқни туфлисини устидан кийиб олади.

Маҳаллий Barclays банкини ўмариш ҳаракатидан сал аввал у бу ерга келиб, ўз ҳисоби учун манзили ўзгарганини айтади.

Аммо кассадаги пулларни кўриб, ақли шошиб қолади.

Калласига “ажойиб” фикр келади.

Аммо унинг қора кўзойнаги ҳам, туфли устидан тортилган пайпоғи ва қўлидаги соқол оладиган устара ҳам ҳеч кимни ҳайратга солмайди.

Ҳеч ким унга пул бермайди.

Пулсиз қочади, аммо кўп ўтмай уни тутиб олишади ва қамоққа ҳукм этишади.

Машина ўғрисини машина “ҳибс қилди”

Фото муаллифлик ҳуқуқи The Star
Image caption Машина ичида полиция келишини бир ярим соат кутиш.

Преторияда бир киши машина ўғрилашни ният қилади.

Аммо машина ичига киргач, қулфланиб қолади.

Star рўзномаси ёзишича, у машина ичида ёрдам сўраб қичқирганича бир ярим соат ўтиради. Йўловчилар эса полиция келишини маъқул кўришади. Бу вақт орасида етиб келган аёл машинаси ичида номаълум киши ўтирганини кўриб, "менинг машинам ичида нима қиляпсиз?"- деб қичқиради.

Балки унда яна қандайдир саволлар қолган бўлиши мумкиндир, лекин полицияда бундай эҳтиёж қолмаган эди. Айбдор ҳибсга олиниб, Преториядаги полиция бўлимига олиб кетилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.