Бангладеш: атеист талаба чопиб ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи unk

Бангладеш пойтахти Даккада дунёвий давлатчилик тарафдори бўлган ва ўзининг даҳрийлигини эълон қилган талаба Нозимуддин Самад чопиб ташланган.

Полиция хабар қилишича, ҳодиса чоршанба куни кечга яқин Дакка чорраҳаларидан бирида рўй берган.

Полиция ҳужумчиларнинг уч киши бўлгани, мотоциклда келишгани, аввал ханжар билан Нозимуддин Самадни чопиб ташлаб сўнг ўқотар қуролдан отиб ўлдирганларини хабар қилган.

Полиция ҳужумчиларнинг ким бўлганини ва қотиллик сабаблари ҳақида хабар қилмаяпти.

28 ёшли Нозимуддин Самад ҳуқуқшуносликни ўрганаётган талаба ва дунёвий давлатчиликни тарғиб қилувчи фаолларнинг гуруҳининг асосчиси бўлган.

У ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида диний экстремизмни мунтазам қоралаб келган.

Диний қарашлари деган бўлимга "менинг диний йўқ" деб ёзиб қўйган.

Бу охирги икки йилда ўзининг атеистик қарашда эканини эълон қилгани учун ўлдирилган деб кўриладиган бешинчи инсоннинг ўлдирилишидир.

Ўтган йили дунёвий қарашда бўлган тўрт блоггер Нозимуддин Самад каби сопиб ташланган.

Блоггерлардан бирига ўз уйида ҳужум қилинган эди.

Ҳужумга учраган инсонларнинг номи "даҳрий блоггерлар" деган рўйхатга киритилган бўлган.

Бу рўйхатни 2013 йили Бангладешдаги исломий ақидапараст гуруҳлар тузган.

Бангладеш расман дунёвий давлат деб эълон қилинган.

Аммо танқидчиларга кўра, ҳукумат диний нафрат асосидаги жиноятлар олдини олиш йўлида етарли ҳаракат қилишни истамайди.

Охирги ойларда Бангладешда диний адоватга асосланган ҳужумлар кўпайгани кузатилган.

Хусусан, Шиа мусулмонларига, "Аҳмадия" оқими тарафдорларига, сўфийликка эътиқод қиладиган мусулмонларга, насроний ва ҳиндуларга ҳам қарши ҳужумлар рўй берган.

Бир неча ҳужумларни ИШИД содир этгани ҳақида баёнот тарқатган, бироқ бу баёнотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ