Фоҳишага борганлар жаримага тортилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Францияда парламент депутатлари жинсий хизматдан фойдаланганлик учун йирик жаримани кўзда тутувчи қонунни тасдиқлаганлар.

Биринчи марта фоҳишалар хизматидан фойдаланган мижоз 1500 евро жаримага тортилади. Кейинги сафар янада йирикроқ- 3750 евро тўлашига тўғри келади.

Бундан ташқари, жинсий мазмундаги хизматдан фойдалангани ошкор бўлган киши фоҳишаликнинг бошқа таъсирлари ҳақида сўз борувчи махсус йиғилишларда қатнашишга мажбур.

Қабул қилинган қонундан норози ўнлаб фоҳишалар қўлларида шиорлари билан Париж парламенти биносига кириб борганлар.

Франс пресс агентлигига кўра, норозилик қатнашчилари жумладан "Мени озод қилиш керак эмас, ўзим учун ўзим қайғураман", деган шиорларни кўтариб олганлар.

Баҳсли қонун лойиҳаси 2013 йил социалистлар томонидан парламент муҳокамасига берилган, бироқ унга аксарияти консерваторлардан иборат Сенат томонидан тўсиқ қўйилганди.

Халқаро француз радиоси билдиришича, мамлакат матбуоти қонунни тарихий деб атамоқда. Боиси, "мазкур соҳада бу каби инқилобий нарса 1946 йилдан бери қабул қилинмаган". Францияда охирги марта фоҳишахоналар фаолиятига тўсиш қўйиш ҳақида қонун 1946 йилда кучга кирган.

Яхши ва ёмон томонлар

Strass жинсий саноат ишчилар касаба уюшмаси аъзоларининг айтишича, янги қонун фоҳишаларнинг даромади ва ҳаёт тарзига салбий таъсир қилади. Францияда турли ҳисоблар бўйича, 20 мингдан 40 минггача фоҳиша бор.

Таҳлилчиларга кўра, бундан кейин фоҳишаларнинг кўпи қўшмачилар ёки яширин фоҳишахоналар орқали ишлашга мажбур бўлишлари мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Баҳсли қонун лойиҳаси бўйича дебатлар Франция парламентида уч йилдан буён давом этади. Қонун тарафдорларининг ишонишларича, қонун одам савдосига таалуқли жиноий гуруҳларга қарши курашда ёрдам беради.

Агар хорижий фоҳишалар бу касбларини ташлаб, бошқа йўл билан нон топишга рози бўлсалар, уларнинг Францияда вақтинчалик яшаш ҳуқуқини олишлари енгилроқ бўлади дейилмоқда.

Социалист депутат Мод Оливьенинг Ассошиэйтед пресс агентлигига айтишича, 85 фоиз фоҳишалар Францияда ноқонуний фаолият юритишади. Ҳозир уларда шахсларини кўрсатувчи ҳужжат олиш имкони пайдо бўлди.

"Фоҳишаликка қарши курашни ошириш" қонуни учун 64 депутат ёқлаб овоз берган, 12 таси қарши чиққан, 11 депутат бетараф қолган, деб хабар беради Франциянинг Le Mond рўзномаси.

Жинсий хизматга жаримани кўзда тутувчи қонун Швецияда бир неча йилдан бери амал қилиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.