Панама ҳужжатлари: Путин истеъфоси талаб қилинди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида кам сонли намойишчилар "Панама ҳужжатлари" можароси сабаб Эзоп тилини ишга солиб Президент Путиннинг истеъфосини талаб қилиб намойиш ташкиллаштирдилар.

Санкт-Петербург шаҳри марказидаги намойишни "Яблоко" партиясининг собиқ ёшлар бўлими "Весна" ҳаракати томонидан ташкиллаштирилган.

Намойишчилар рамзлардан, байроқлардан фойдаланмаганлар, норозиликларини якка пикетларда айтиб чиққанлар.

Плакатларда "Кун мавзуси: истеъфо", "Зудлик билан виоленчелдан дарс оламан", "Россия Путинсиз" каби шиорлар ёзилган бўлган.

Бир неча киши президент акси устига чизиқ тортилиб, "Путинга вақт эмас, муддат керак" деб ёзилган футболкаларда келишган.

Полиция дарҳол уларнинг шахсий маълумотларини ёзиб олган.

Норозилик қатнашчилари билан бир вақтда ўзларини "Халқ озодлик ҳаракати" деб атайдиган гуруҳнинг ўнлаб тарафдорлари ҳам кўчага чиқишган.

Уларнинг қўлида Россия байроқлари бўлиб, йўловчиларни "миллат сотқинларини томошга қилиш"га чақирганлар ва норозиларни "Вашингтонга йўқолиш"ни маслаҳат берганлар. Полиция бу қатнашчиларни тўхтатмаган.

"Весна" тарафдорлари оқ қоғозларни плакат ўрнида кўтаришганда, тартиб қўриқчилари рухсат берилмаган тадбирда қатнашганлари учун ҳибсга олиш билан огоҳлантирганлар.

Путин акси туширилган футболкалар кийиб олган намойишчилар унинг истеъфосини талаб қилганлар.

Иккала томон ўртасида келишмовчилик келиб чиқиб, кимдир "Весна" раҳбари Николай Артеменко юзига ўткир ҳидли суюқлик сепиб юборган. Полиция суюқлик сепган кишини ҳибсга олган.

3 апрелда жаҳондаги қатор йирик оммавий ахборот воситалари Панамада жойлашган Mossack Fonseca ширкатининг сиздирилган ҳужжатларини текшириш хулосаларини чоп этганлар.

Ушбу ҳужжатларга кўра, журналистлар Путиннинг яқин сафдошлари офшор ширкатлари билан шубҳали келишувларга алоқадор, деган хулосага келганлар.

7 апрелда Путин офшор ширкатлари ҳақидаги сиздирмаларни мамлакат ичида барқарорликка путур етказишга уринишлар, деб атади.

Бироз олдин Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Панама ҳужжатлари туфайли маҳкамага беришдан маъни йўқлигини айтганди.

Шунингдек, пул ювишда иштирок этилгани айтилган "Россия" банки қонунни бузмаганини иддао қилганди.

Ҳужжатларда Путиндан ташқари дунёнинг бошқа раҳбарлари ва уларга яқин инсонлар ҳақида маълумот бор. Хусусан Сурия Президенти Башар Ассад, Украина Президенти Пётр Порошенко, шунингдек, Исландиянинг жанжаллар орқасидан истеъфо берган бош вазири Давид Гюннлёйгссонлар ҳақидаги ҳужжатлар ошкор қилинди.

Айни пайтда Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон "Панама ҳужжатлари"да тилга олинган марҳум отаси томонидан тузилган офшор ширкат бўйича изоҳ беришига тўғри келган.

Жаноб Кэмерон Бош вазир бўлишидан олдин ўзига тегишли ҳиссаларни сотганини, ҳеч қандай қонунбузарлик рўй бермаганини маълум қилган ва марҳум отасини ёмонотлиқ қилишдан тийилишни сўраган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ