Туркиядан йўлга чиққан қочқинлар қайиғи ағдарилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Сўнгги ҳалокат юздан ортиқ қочқин Юнонистоннинг Лесбос оролидан Туркияга қайтарилиши ҳодисасидан икки кун ўтиб юз берган.

Юнонистондан олинган хабарларга кўра, камида беш нафар қочқин денгизга ғарқ бўлиб ҳаётдан кўз юмган.

Маҳаллий масъулларнинг айтишларича, бунга қочқинлар тушган қайиқнинг ағдарилиб кетиши сабаб бўлган.

Қутқарув ишларининг ҳануз давом этаётгани айтилмоқда. Масъулларга кўра, ҳозирча, қайиқда бўлган қочқинлардан беш нафарини тирик қутқариб қолишга муваффақ бўлишган.

Агар, Юнонистондан олинган хабарларга таянилса, сўнгги ҳалокат Туркия қирғоқларига яқин Самос ороли атрофида юз берган.

Ағдарилиб кетган қайиқда жаъми қанча қочқиннинг бўлгани маълум эмас.

Аммо, юнонистонлик чегара қўриқчиларининг айтишларича, ҳалокат натижасида камида беш нафар қочқин қурбон бўлган.

Яна шунча сондагиси тирик қутқариб қолинган.

Ҳозир ҳам давом этаётгани айтилаётган қутқарув ишларига, ҳатто, тикучарлар ҳам жалб қилинган.

Ҳалокатга учраган қайиқдаги қочқинларнинг қай бир давлат фуқаролари экани ҳозирча маълум эмас.

Шу жумладан, уларнинг орасида аёллар ва болаларнинг бор-йўқлиги ҳақида ҳам ҳеч нарса айтилаётгани йўқ.

Бу - Туркия ва Юнонистон ўртасидаги сув йўлларида қочқинлар билан юз бераётган илк ҳалокат эмас.

Сўнгги икки йил ичида Сурия, Афғонистон ва Ироқдан катта сондаги қочқинлар ўз йўлларини Шимолий Оврўпога қараб солишган.

Юнонистон эса, Туркиядан кейин уларнинг йўлларидаги иккинчи асосий манзил вазифасини ўтамоқда.

Катта сондаги қочқинлар бу йўлда денгизда сузишга мосланмаган қайиқларнинг ноқонуний хизматидан фойдаланишар экан, орада кечган вақт оралиғида биргина Эгей денгизига ғарқ бўлган қочқинлар сонининг ўзи бир неча юзга етган.

Қисман бу каби ҳалокатларнинг олдини олиш учун ҳам яқинда Оврўпо Иттифоқи ва Туркия ўртасида қочқинлар бўҳронини енгиллатишга қаратилган махсус келишув имзоланганди.

Унга мувофиқ, Туркия муайян сиёсий ва иқтисодий имтиёзлар эвазига бу каби қочқинларни ортга қайтариб олишга рози бўлганди.

Сўнгги ҳалокат юздан ортиқ қочқин Юнонистоннинг Лесбос оролидан Туркияга қайтарилиши ҳодисасидан икки кун ўтиб юз берган.

Янги битим қочқинлар оқимини анча сусайтирган эса-да, аммо буткул тўхтата олмагани, куни-кеча яна 150 га яқин муҳожирнинг Юнонистонга келиб ўрнашгани айтилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ