Медведев: Россия Ереван ва Бокуга қурол етказиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россия қурол етказмаса, бу жой бўш қолмайди, бошқа давлатлар унинг ўрнини эгаллайди, дейди Медведев.

Агар Россия Арманистон ва Озарбайжонга қурол етказиб беришни тўхтатса, унинг ўрнини бошқа давлатлар эгаллайди, деб айтган Россия Бош вазири Дмитрий Медведев.

"Агар биз бир дақиқа Россия бу ролидан воз кечганини тасаввур қилсак, бу жой бўш қолмаслигини жуда яхши тушунамиз. Улар бошқа давлатлардан қурол сотиб олади, бу билан қуролнинг ўлдириш қуввати пасаймайди", деган жаноб Медведев Россия1 телеканалига берган интевьюсида.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, "бу бозорга бошқа давлатлардан қурол етказиб берувчиларнинг кириб келиши вазиятни юмшатмайди". Унинг фикрича, аксинча вазият янада мураккаб тус олади.

"Мен ўйлайманки, қуролни қачондир ишлатиш учун эмас, балки барқарорликни ушлаб турувчи шарт бўлиши учун олиш керак. Мана шуни можаронинг барча томонлари баҳолашлари лозим", дейди Медведев.

Олдинроқ иккала давлатга ҳам белгиланган шартнома асосида стратегик ҳамкор сифатида қурол етказиб берилишини Бош вазир ўринбосари Дмитрий Рогозин айтганди.

Озарбайжон Россия қуролининг йирик импортчиси саналади.

2010-2014 йилларда Москва ва Боку тикучар, зенит-ракета тизимлари, танк ва артиллерия воситалари бўйича 4 млрд га тенг қатор шартномаларни имзолаган.

Арманистон ҳам 2013 йилда Россиядан оғир қуроллар дохил 16 млн доллар баҳода ҳарбий техника ва воситаларни сотиб олган.

Россия бош вазирининг баёноти Озарбайжон ва Арманистон уч кунлик қуролли тўқнашувдан сўнг, 5 апрелда имзоланган оташкесим шартлари бузилишида бир-бирини айблаётган манзарада янграмоқда.

Озарбайжон ва Қорабоғ ҳарбийлари 5 апрелда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатган бўлсаларда, кўп ўтмай томонлар бир-бирини келишувни бузганликда айблай бошладилар.

Тоғли Қорабоғдаги қарама-қаршиликлар 2 апрелга ўтар кечаси қўзғалиб, қақшатқич тўқнашувларга айланиб кетди. Вазият таранг бўлган минтақада бошланиб кетган жанглар охирги 22 йилда энг жиддийси бўлган.

Қуролланиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Озарбайжон ва Арманистон Россия қуролларини сотиб олади.

Тоғли Қорабоғда 1994 уруш тугаганидан бери зиддиятнинг кучайиши аксариятни келажакда икки мамлакат ҳамда Қорабоғдаги кучлар ўртасида жангларнинг бошланиб кетишидан хавотирга солмоқда.

Қорабоғдаги ҳарбийлар ортида эса Арманистон армияси туради.

Ўтган йиллар давомида Боку ўз армиясини доим Еревандан кўра фаолроқ қуроллантирган.

Натижада эса, Озарбайжон армияси Арманистонникидан кўра сезиларли даражада яхши қуролланишга муваффақ бўлган.

Аммо мутахассисларга кўра, Арманистон катта бўлмаса ҳам, анчайин эпчилроқ армия тузган.

Россиядан олган аслаҳалари эвазига ҳаво мудофаа тизимини такомиллаштирган.

Стокголмда жойлашган Тинчлик масалаларини ўрганувчи институт тадқиқотларига кўра, Озарбайжон ўтган беш йил ичида Россия қурол экспортининг 5 фоизига эгалик қилган. Ундан аввалги 10 йил ичида эса бу кўрсаткич 0,7 фоиздан ортмаган.

Арманистонда С-300 ҳарбий комплекслари ҳам бор.

Худди шундай ҳарбий аслаҳа Озарбайжонда ҳам мавжуд.

Йигирма йилдан ортиқроқ давр мобайнида Тоғли Қорабоғда мудофаа тизими яратилган, қурол-яроқ омборхоналари қурилган ва ҳарбий техника қароргоҳлари яратилган. Улар фавқулодда ҳолат юзага келса, ишга туширилиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ