Эронда турист аёллар нега ҳижобсиз расмга тушишмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи my stealthy freedom

Эронда аёллар учун ҳижоб ўраш мажбурийдир. Аммо, Фейсбукдан фойдаланувчилар бунга қарши амалиёт бошлаганлар.

Улар Эронга ташриф буюрадиган турист аёллардан боши очиқ ҳолда суратга тушиб, уни интернетга жойлаштиришни сўрашмоқда.

Амалиёт уюштирувчиси My Stealthy Freedom ("Менинг сирли озодлигим") номли онлайн ҳаракатдир. У ўтган йили ҳам шунга ўхшаш кампанияларни олиб борган.

Ҳижобни ечиш чақириғи икки йил аввал илк марта янграган ва шундан бери интернетда ҳибс хавфи остида ҳижобсиз суратга тушган ўнлаб эронлик аёлларнинг суратлари пайдо бўлган.

Бу даъватга Франция ҳаво йўллари ширкатининг аёл ходимларига нисбатан чиқарилган янги қоидаси сабаб бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи my stealthy freedom

Мазкур ҳаво йўллари ширкати саккиз йиллик танаффусдан сўнг Теҳронга парвозларни қайта бошлашини эълон қилинар экан, стюардессаларга Теҳронга қўнишлари билан ҳижоб ўрашни буюрди. Бунга жавобан, бир қатор аёл ходимлар бу йўналиш бўйича учмасликларини айтишди.

Бунинг ортидан юзага келган суд ишида аёллар ютиб чиқдилар. Душанба куни Air France ширкати Эронга учишни истамаган стюардессаларига бошқа йўналишларга ўтишга рухсат беришини эълон қилди.

Айни дамда, бу муаммони кенгроқ ёритишни истаган My Stealthy Freedom Эронга учаётган барча хорижлий аёлларни Эронда боши очиқ ҳолда суратга тушишга чақирди.

Бу чақириққа бўйсунган аёлларнинг суратлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи my stealthy freedom

Шундай бир сурат муаллифи ўз акциясига мана бундай баёнотни илова қилган:

"Сизнинг ҳукуматингиз Оллоҳ номидан деб сизни камситишни истайди. Сизнинг овозингиз эшитилмаслигини хоҳлайди, аммо сизнинг айтадиган гапингиз кўп!"

Яна биридаги илова қуйидагича:

"Афсус, нафақат бу ажойиб инсонлар, балки биз аёл сайёҳлар ҳам бу ҳижобларни ўрашга мажбурмиз. Инсон ўз-ўзини изҳор қилишига қарши қўйилган бу тўсиқ мени ғазаблантиради".

Акция уюштирувчиси Масих Аҳмадинажоднинг айтишича, ижтимоий тармоқларда суратлари тарқалган барча аёллар Эронни эсон-омон тарк этганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.