Озарий солиқ вазири ва президент оиласи қандай бизнес қилади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.az
Image caption Меҳрибон (чапдан) ва Арзу Алиевалар Солиқ вазири Фозил Мамедов билан

Би-би-си Озарий хизматининг қўлига келиб тушган ҳужжатлардан аён бўлишича, Озарбайжон солиқ вазири мамлакат президентининг рафиқаси билан шерикликда сармоя лойиҳаларига пул тиккан.

Солиқ вазири Фозил Мамедов ва президентнинг хотини Меҳрибон Алиева бу ҳужжатларда бир жамғарманинг икки "васийлари" этиб қайд қилинган.

Жамғарманинг илк маблағ 10 минг доллар, аммо жамғарма қоидаларига қаралса, унинг молиявий имкониятлари чексиз.

Ҳужжатларда жамғарманинг асосий бенефициарлари (фойда кўрувчилари) деб президентнинг ўғли Гейдар Алиев (20%), ҳамда президентнинг қизлари Лейла Алиева (15%) ва Арзу Алиева (15%) кўрсатилган.

Энг катта бенефициар - Фозил Мамедовдир: унинг исми ёнига "30%" деб ёзилган.

Аммо, унинг туғилган санаси - "2003 йил, 28 март, Боқу", деб қайд қилинган.

Солиқ вазири Фозил Мамедов 1964 йилнинг 28 мартида Шемаҳа шаҳрида туғилган.

2004 йил апрелида тузилган бу ҳужжатларга кўра, қолган уч бенефициар қайсидир даражада Озарбайжондаги "AtaHolding" конгломерати ва/ёки солиқ вазирлиги билан боғлиқ бўлган. Улар қуйидаги шахслар:

- Аҳмет Эренток, 2003 йилдан "AtaHolding"нинг назорат кенгаши раиси;

- Ашраф Комилов, солиқ вазирлигининг собиқ ходими, ҳозирда "AtaBank"нинг назорат кенгаши аъзоси;

- Махир Рафиев, "AtaBank" назорат кенгашининг собиқ аъзоси, ҳозирда солиқ вазири маслаҳатчиси;

Ҳужжатлардаги ўзгартиришлар

Жамғарма 2004 йил 1 майида тузилганида ишлаб чиқилган илк шартларда асосий бенефициарларнинг сони анча кам эди, президентнинг оиласи эса у ерда умуман тилга олинмаган.

Васийлар сифатида Фозил Мамедов ва Аҳмет Эренток қайд қилинган, Меҳрибон Алиева эмас.

Аммо, 2005 йил февралида шошма-шошарлик ва зудлик билан ўзгартиришлар киритилган. Бунга ўша пайтда юборилган қатор имейллар гувоҳлик қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Paul Gilham Getty
Image caption Панама ҳужжатларида Меҳрибон Алиеванинг исми келтирилади

Бу рўйхатга президент Алиевнинг оила аъзолари исмлари киритилганда, илк бенефициарларнинг улушлари ярмига озайган.

Журналистлар айни электрон мактублардан топган ҳужжатлар ва молиявий ҳужжатларга кўра, аслида "AtaHolding" Меҳрибон Алиева ва Фозил Мамедовларнинг жамғармаси назорати остидадир.

Сал аввалроқ, 2003 йилда ёзилган электрон мактублардан аён бўлишича, "FM" номли қандайдир гуруҳ Панамада 5 миллион доллар капитал билан холдинг компаниясини очган ва унинг мақсади Британиядаги бошқа холдинг компаниясини 5 миллион долларга сотиб олиш бўлган.

Би-би-си Озарий хизмати Фозил Мамедовдан бу борада изоҳ сўради, аммо жавоб олгани йўқ.

Президент Алиевнинг девонининг яна қайта баён қилишича, президентнинг қизлари кап-катта одамлар ва ўз бизнесларини юритишга ҳақлилар.

Аммо, шу ерда бир муҳим савол туғилади: гап "AtaHolding" ҳақида кетганда, Солиқ вазири Фозил Мамедов Озарбайжон қонунларига бўйсунадими?

Чунки, Озарбайжон қонунчилигига кўра, давлат вазирлари ўз бизнес манфаатларига эга бўлмасликлари керак.

Президентнинг қизлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA novosti
Image caption Панама ҳужжатларига кўра, президентнинг қизлари қатор офшор ширкатларнинг ҳиссадорлари

2012 йилга бориб тақаладиган ҳужжатлар гувоҳлик қилишича, президентнинг қизлари - Лейла ва Арзу Алиевалар, ҳамда уларнинг бизнес-шериги Оливье Местелан "Ata Holding" банк гуруҳи акцияларининг аксарига эгалик қиладилар.

Ҳозирда бу банк гуруҳнинг энг йирик йирик акциядори - "Hughson Management Inc.". Бу компаниянинг эгалари эса, "Mossack Fonseca" ҳужжатларига биноан, Лейле Алиева, Арзу Алиева ва Оливье Местеландир. Иккинчи энг йирик акциядор - "Asbet Limited". Унинг эгаси - Арзу Алиева. Учинчи акциядор эса Панамада қайд қилинган яна бир ширкат.

Бу уч ширкат ичида акциялар 51%, 25% ва 24% миқдорида бўлинган.

Панама ҳужжатлари намойиш қиладики, 2006 йилда жуда қисқа вақт ичида Президент Алиевнинг қизлари ва уларнинг бизнес-шериги номларига бир неча бир-бирига ўхшаш компаниялар очилган, аммо уларнинг ҳар бирининг очилишидан қандай мақсад кўзлангани ноаниқ бўлиб қолаяпти.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг