Россия: Рубль ва ниҳоят қимматлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бунга Москва фонд биржасидаги сўнгги олди-сотдилар далолат қилган.

Ўтган йил декабр ойидан буён илк бор евронинг қиймати 75 рублдан пастга тушган.

Бир долларга нисбатан эса, рубль 91.5 тийинга қимматлаган.

Аён бўлишича, сўнгги янгиликка Доҳадаги бўлажак учрашувлари олдидан Россия ва Саудия Арабистони нефть қазиб чиқаришни музлатиб туришга келишиб олишганига оид айрим тасдиқланмаган хабарлар сабаб бўлган.

Аммо, бошқа томондан, шу йилнинг июн ойида етказиб берилиши кутилаётган “Брент” туридаги нефть бир баррелининг қиймати ҳам Лондон (ICE) биржасида қарийб тўрт фоизга қимматлаган ва 44.4 долларга етган.

Расмий Москва ва Ар-Риёд ўртасидаги келишув ҳақида эса, шу ҳафта сешанба куни Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар тарқатганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

ОПЕКка аъзо нефть қазиб чиқарувчи давлатларнинг Доҳадаги йиғини 17 апрел кунига режаланган.

Агар, агентлик манбасининг сўзларига таянилса, Саудия Арабистони бу масалада Теҳроннинг мавқеини инобатга олмай туриб якуний қарорини бермоқчи.

Аммо бу хабар, ҳозирча, бошқа бирор бир манба томонидан тасдиқланмаган.

Бундан аввал эса, Саудия Арабистони ОПЕКка аъзо барча давлатларни фақат шу йилнинг январ ойидагиси даражада нефть қазиб чиқаришга даъват этган.

Ар-Риёднинг бу ташаббуси энг аввало Эронга қаратилганди.

Аммо расмий Теҳрон ўзлари қазиб чиқараётган нефть кўлами санкциялардан аввалги миқдорга етмагунча бу ишга бормаслигини айтиб, рад жавобини берганди.

Жорий йилнинг феврал ойида эса, Россия ОПЕКка аъзо уч давлат билан бирга бу хусусда ижобий бир қарорга келган, аммо нефть картелидаги қолган барчанинг ҳам Саудия Арабистони ташаббусига бош қўшишларини бунинг шарти қилиб қўйганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Украина инқирози сабаб, Ғарб томонидан устма-уст жорий этилган санкциялар манзарасида жаҳон бозорида нефть нархининг кескин пастга тушиб кетиши Россия иқтисодига жиддий зарба берган, бунинг таъсири кўплаб собиқ Шўро давлатларига ҳам сезилганди.

Россиянинг миллий пул бирлиги бўлган рубль ҳам сўнгги пайтларда йирик хорижий валюталарга нисбатан ўз қадрини давомий равишда рекорд даражада йўқотиб келаётганди.

Президент Владимир Путин эса, жаҳон нефть бозоридаги аҳволга Ғарбдаги "фитначи кучлар"ни айблаб чиққанди.

Аммо Россия раҳбари нефть нархининг тушиши мамлакати иқтисодиётига зиён етказишини тан олса-да, бунинг “ҳалокатли бўлмаслиги”ни таъкидлаганди.

Таъкидлаш жоиз, барча шу воқеаларнинг манзарасида ҳам расмий Кремль, барибир, жаҳон бозорида нефть нархининг барқарорлашишига умид қилиб келаётганди.

Россия рубли кескин қадрсизланишининг оқибатлари эса, бутун Марказий Осиё бўйлаб ҳам яхшигина сезилаётгани айтилади.

Чунки аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импорт маҳсулотларига қарам.

Фото муаллифлик ҳуқуқи news.kz

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Россия рубли ортидан аллақачон маҳаллий пул бирликлари ҳам ўз қадрини йўқота бошлаган.

Агар, Украинадаги Forex Club таҳлилий марказининг хулосасига таянилса, қадрсизланиш бобида ўтган йил Қозоғистон тангасига етадигани топилмаган.

Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатларида кенг истеъмолдаги импорт маҳсулотлари нархларининг қимматлашишига сабаб бўлган.

Худди шу манзарада минтақавий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Россия иқтисоди орқага кетишининг таъсири Марказий Осиёга узоқ муддатли бўлади.

Дейлик, Россия Федерал Миграция Хизмати шу йил бошида эълон қилган маълумотларга таянилса, ҳозирга келиб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони бир миллионга озайган.

Американинг “Фридом Ҳаус” ноҳукумат ташкилоти шу кунларда эълон қилган сўнгги йиллик ҳисоботидаги рақамларга кўра эса, уларнинг ортга, Ўзбекистонга юбораётган пул жўнатмалари ҳажми ҳам ярмидан кўпроққа қисқариб кетган.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари учун бу пуллар, йилларки, ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ