Сурия: парламент сайловлари, оташкесимга таҳдид ва АҚШнинг "Б" режаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Башар Ассад ва Асма Ассад сайлов масканида.

Чоршанба, 13 апрел куни эрталаб Сурияда ҳукумат назорати остидаги ҳудудларда парламент сайловларига овоз бериш бошланган. Парламентдаги 250 ўринга Суриянинг барча вилоятларидан 3500 номзод даъвогарлик қилмоқда.

Бутун мамлакатда 7300 сайлов участкалари очилган.

Халқ кенгашига сайловлар 15 вилоятнинг 13 тасида ўтказилади. Исломий давлат", "Нусра Жабҳаси" ва бошқа жангари гуруҳлар ишғол қилган Раққа ва Идлиб вилоятлари аҳолиси ўзларининг вақтинчалик яшаб турган жойларида овоз беришлари айтилган.

Президент Башар Ассад ва рафиқаси Асма Ассад сайлов масканларидан бирида овоз берганлар ва сайловчилар билан мулоқот қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сурияда 13 апрелда парламент сайловлари ўтказилиши тўғрисида Президент Башар Ассад 22 февралда фармон чиқарган. Бу Россия ва АҚШ воситачилигида Сурияда оташкесимга келишилганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинганди.

Кейинроқ Башар Ассад муддатидан олдинги президентлик сайловлари ўтказишга ҳам тайёрлигини билдирди.

"Аслини олганда бу борада менда ҳеч бир муаммо йўқ, чунки президент халқининг қувватлашисиз ишлаши мумкин эмас. Агар президентда халқ дастаги бўлар экан, у ҳар доим бу қадамга тайёр туриши керак. Мен бу биз учун ҳеч бир муаммо туғдирмаслигини айта оламан", деган жаноб Ассад.

АҚШ дохил бир қатор Ғарб давлатлари эса Сурияда ҳозир парламент сайловлари ўтказишнинг мавриди эмас дейишган.

Оташкесим хавф остида

Айни пайтда Ҳалабда ҳукумат кучлари ва мухолифат жангчилари ўртасида тарангликнинг кучайиши олти ҳафталик оташкесим тақдирини хавф остига қўйиши айтилмоқда.

БМТ Женевада Сурия инқирози бўйича музокаралар давом эттирилиши керак дейди.

БМТ махсус элчиси Стеффан де Мистура бўҳронни сиёсий ҳал қилиш учун Сурия ҳукумати ва мўътадил мухолифат вакилларини музокараларга чақирган.

Мухбирларга кўра, Ҳалабда томонлар ўртасида жанглар кузатилмоқда. Россия ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда.

Сешанба куни Россиянинг ҳарбий тикучари Сурияда ҳалокатга учраган. Бироқ Москва тикучар уриб туширилмаганини билдирган.

АҚШнинг "Б" режаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Суриядаги воқеалар манзарасида, Сурия армияси ва Сурия Озодлик ҳаракати ўртасида феврал ойида келишилган оташкесим барбод бўлган тақдирда, АҚШда бошқа режа борлиги ҳақида хабарлар чиққан.

Wall Street Journal рўзномасининг ёзишича, Қўшма Штатлар Марказий Жосуслик хизмати ва унинг минтақавий ҳамкорлари ҳар эҳтимолга қарши заҳирада бошқа режа тайёрлаб қўйганлари тўғрисида хабар берган.

Бундай вазиятда АҚШ Сурия мўътадил мухолифатига қўшимча замонавий қурол етказиб беради, мухолифат ундан Россия дастагидаги Сурия армиясига қарши курашда фойдаланади, дея манбаларига таяниб хабар беради рўзнома.

Хабарда айтилишича, ҳали феврал ойидаёқ, оташкесимдан эълон қилинишидан олдин Президент Обаманинг ҳарбий маслаҳатчилари ундан Россиянинг Сурияга таъсирини жиловлаш мақсадидаги режани ишлаб чиқишни талаб қилганлар.

Айни вақтда Москва АҚШнинг қўшимча "Б" режаси борлигидан хабари йўқлигини маълум қилди.

"Агар эҳтимолий ҳарбий амалиётларга ўтиш тўғрисидаги "Б" режаси ҳақиқатдан мавжуд бўлса, бу чуқур хавотирни уйғотади. Минтақани хавф остига қўяди", деб айтган Россия Ташқи Ишлар вазир ўринбосари Сергей Рябков.

У АҚШда бундай режа йўқ, деб умид қилишини қайд этаркан, Россия Ташқи Ишлар вазирлиги Сурияда жанговар ҳаракатларнинг тугатилишини мустаҳкамлаш устида ишлаётганини таъкидлаган.

Сурия мухолифати эса Россия ҳаво ҳужумлари Москва таъкидлаётганидек, ИШИД жангариларига эмас, айнан Ассад ҳукуматига қарши бўлган ўзларига қаратилганини айтади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ