Қрим прокурори Межлис фаолиятини тақиқлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия ўзига қўшиб олган Қрим прокурори ярим орол ҳудудида Қрим Татарлари Межлисининг фаолиятини маън этиш ҳақидаги қарорни имзолаган.

Прокурор қарори нусхасини Қрим Татарлари Межлиси манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган адвокат Жамил Темишев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилганидан кейин Қрим прокурори Наталья Поклонская бу хабарни тасдиқлаган.

“Бугун мен федерал қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик мақсадида “Қрим Татарлари халқи Межлиси” жамоат бирлашмасининг фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилдим”, деб айтган Поклонская хоним 13 апрел куни Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига.

Ўз қарорида Россия аннексия қилган Қрим прокурори Россиянинг “Экстремистик фаолият олдини олиш тўғрисида” деб номланган қонунига асосланган.

“Тўпланган далиллар шуни тасдиқлайдики, ушбу жамоат бирлашмасининг мақсади ва амаллари экстремистик фаолиятни амалга оширишга қаратилган”, деб ёзилган прокурор Поклонскаянинг имзолаган қарорида.

Адвкоат Жамил Темишевнинг айтишича, прокурор қарори устидан маҳкамага шикоят этишга қарор қилганлар.

“Бизнинг процессуал мухолифимиз бундай қарорнинг маҳкамавий истиқболи йўқлигини англаб турган бўлса-да, шу йўл фаолиятни тўхтатишга интилаяпти. Албатта, биз бунинг устидан шикоят қиламиз”, деб айтган адвокат Жамил Темишев ТАСС ахборот агентлиги билан суҳбатда.

Бундан кейин Қрим Олий суди Қрим Татарлари Межлисини экстремистик ташкилот деб тан олиш ёки олмаслик ва Межлис фаолиятини Россия ҳудудида тақиқлаш борасидаги ишни кўриб чиқиши кутилади.

Россия аннексиясидан кейин Қрим Татарлари Межлиси раҳбарлари Мустафо Жамилев ва Рефат Чубаровларнинг ярим орол ҳудудига киришлари тақиқланган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ