‘Оврўпога ўзига мос ва хос Ислом керак’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Насроний-социалистик иттифоқи Бош котиби Андреас Шойер Олмонияда Исломнинг қатъий тартибга солинишига даъват этган.

Бу таниқли консерватор олмон сиёсатчисига кўра, мамлакатидаги масжидларда олмонча жорий этилиши, уларнинг хорижий исломий давлатлар томонидан молияланишига чек қўйилиши ва имомлар ҳам Олмониянинг ўзида тайёргарликдан ўтказилиши лозим.

Насроний-социалистик иттифоқ Олмония канцлери Ангела Меркелнинг насроний демократлари билан битта иттифоққа киради.

Андреас Шойернинг баён қилишича, исломнинг сиёсийлашуви четдан келаётган муҳожирларнинг олмон жамиятига мослашувини қийинлаштиради.

Ўзларининг бу йўлда олиб бораётган барча саъй-ҳаракатларини чиппакка чиқаради.

Олмон сиёсатчисига кўра, Олмониядаги масжидларнинг четдан молияланишига чек қўйилиши уларни экстремизмдан узоқроқ тутиш учун муҳимдир.

“Ислом тўғрисидаги” янги қонун эса, ўзга, айрим ҳолларда, мутаассиб руҳдаги ғояларнинг Олмонияга кириб келишининг олдини олиш учун зарур.

Андреас Шойер бу ҳақда “Die Welt” кундалик олмон нашрига берган суҳбати чоғида баён қилган.

Олмониядаги етакчи “Deutsche Welle” нашрининг ёзишича эса, консерватор сиёсатчининг бу қабила таклифларини мамлакатдаги айрим мусулмонларнинг ўзлари ҳам дастаклаб чиқишган.

Аммо, Андреас Шойер танқидчиларига кўра, бу каби тартиб-қоидалар фуқароларнинг энг асосий конституцион ҳуқуқларига зид бир амалдир.

“Хорижни унутинг”
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Насроний-социалистик иттифоқи Бош котибининг даъво қилишича, айрим сиёсийлашган таълим даргоҳлари "одамларнинг Олмонияга мослашиб кетишларига тўсқинлик қилаётгани учун ҳам” “Ислом тўғрисидаги” янги қонун зарур.

Андреас Шойерга кўра, кўзда тутилаётган қонунда асосан иккита нарса белгилаб қўйилмоғи лозим.

Биринчидан, Олмониядаги барча масжидлар, Исломий маданий марказлар ва болалар боғчалари дохил бошқа исломий ташкилотларнинг ортиқ четдан молияланишларига изн бермаслик.

Иттифоқнинг умид қилишича, бу каби ҳолатга чек қўйилиши анчайин радикал Ислом давлат дини бўлган Саудия Арабистони ва бошқа Форс Кўрфази мамлакатларининг таъсирларини қирқади.

Иккинчидан, янги қонун доирасида Олмонияда фаолият юритиш истагида бўлган барча имомлар мамлакатнинг ўзида олмон тилида тайёрланади ва улар “ўзларининг энг муҳим қадриятлари”ни ҳам бўлишишлари лозим бўлади.

Андреас Шойернинг даъво қилишича, “айримлари экстремистик руҳда бўлган ўзгача ғоя ва қадриятларининг четдан импорт қилинишига ортиқ йўл қўймаслик учун ҳам” бу каби тартиб-қоидаларнинг жорий этилиши истагида.

Насроний-социалистик иттифоқи Бош котибига кўра, “Оврўпо ўзига хос Исломни тараққий топтирмоғи шарт”дир.

Муносабат
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ҳозир Олмонияда бўлган ўзбек журналисти Ҳулкар Норқобилованинг айтишича, мамлакатнинг амалдаги ҳукумати ўз иттифоқдошининг “Ислом тўғрисидаги” янги қонунчиликка оид таклифларига ҳалича расман бирор бир муносабат билдирмаган.

Аммо, журналистга кўра, Андреас Шойернинг чиқиши Олмония ҳукумати қошидаги ўзлари ҳам мусулмон бўлган интеграцияга масъул айрим вакилларнинг кескин танқидларига сабаб бўлган.

Улар Насроний-социалистик иттифоқи Бош котиби ўз суҳбатида илгари сурган таклифлар “конституцияга зид” эканини айтишган.

“Янги қонунчилик ғояси, айниқса, Олмониядаги турк жамоалари орасида жиддий норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бунга уларнинг биргина матбуотдаги сўзларининг ўзиёқ далолат қилади”, - дейди суҳбатдошимиз.

Журналистга кўра, “Бу каби чиқишларда, “Нима учун биз ўз масжидларимизда олмон тилини қўллашимиз лозим экан? Нега энди бизда Ислом дини чекланиши керак? Черковларнинг тили ҳануз лотин бўлган бир пайтда, нима, араб тили қўрқув тилими?”, - деган муносабатларни ўқиш мумкин”.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, сўнгги пайтларда Олмонияда аксилисломий кайфиятларнинг кучаяётгани воқеълигига ҳам алоҳида диққат қаратиш лозимлигини таъкидлайди.

Унинг айтишича, бу каби ҳолатга охирги йилларда катта сондаги қочқинлар оқимининг мамлакатга кириб келиши ва мавжуд муаммони ёритишда мамлакат оммавий-ахборот воситалари қандайин роль ўйнаётгани ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, айнан қочқинлар мавзуси ҳозир барча оммавий-ахборот воситалари ва турли ижтимоий мулоқот тармоқларининг бош мавзусига айланган.

Бунинг натижасида худди қочқинлар боис, Олмония иқтисоди ва иш ўринлари таҳдид остида қолгандек умумий бир кайфиятни пайдо бўлган.

Айрим ижтимоий мулоқот тармоқларида эса, бу хусусда билдирилаётган фикрлар очиқдан-очиқ ҳақоратомуз тус олган.

Фақат Олмониядаги зиёли қатлами бундан мустасно, уларда мавжуд ҳолатга тушуниш билан ёндашиш ҳисси кучли, дейди ҳозир Олмонияда бўлган ўзбек журналисти Ҳулкар Норқобилова.

Суҳбатдошимиз биргина ўзи яшаб турган шаҳарча мисолида ҳам четдан келаётган қочқинлар сонининг анчайин кўплиги ва мазкур ҳолат аллақачон маҳаллий аҳолида уларга нисбатан ёвқарашлик ҳиссини пайдо қила бошлаганини ҳам айтади.

Сўнгги глобал инқироз манзарасида Олмония Оврўпода энг катта сондаги қочқинларни қабул қилган давлатга айланган, биргина ўтган йилнинг ўзида ярим миллион атрофидаги муҳожирга ўз ҳудудидан бошпана берганди.

Бу қочқинлар аксариятининг эса, аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган ва урушлар ичидаги Сурия, Ироқ, қисман афғонистонликлар эканликлари айтилади.

Буёғи нима бўлади?
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аммо, шунда ҳам, журналист суҳбатдошимизга кўра, Олмония “Ислом тўғрисидаги” қонунни қабул қилиш даражасига бормайди.

“Менимча, Андреас Шойернинг таклифлари турли сиёсий доиралар ва оммавий-ахборот воситаларидаги турли баҳсу мунозаралардан уёғига ўтмайди”, - дейди у.

Худди шу ўринда Би-би-си муҳаррири Йоханнес Делл ҳам ўнг қанотчи Насроний-социалистларнинг иттифоқ таркибида фақат кичиккина қанотни ташкил этиши, шу боис ҳам, қанчалик шов-шувли бўлмасин, Андреас Шойернинг сўзлари фақат таклифдан нарига ўтмаслигини таъкидлайди.

Унга кўра, Насроний -социалистик иттифоқининг вақти-вақти билан барчанинг эътиборини ўзларига тортишга қаратилган бу каби чиқишлари анчайин одатий тус олиб улгурган.

Агар, “Deutsche Welle” нашрига таянилса, Олмония Турк Исломий Иттифоқи ҳали бу таклифларнинг илгари сурилишиданоқ хавотирда.

Уларга кўра, шунинг ўзиёқ диний ҳуқуқларимиз поймол этилди, деб ҳис этишлари учун кифоя қилган.

Иттифоқ наздида Бош котибининг сўнгги суҳбати Насроний-социалистик иттифоқни Олмониядаги ўта ўнг қанот “Олмония учун муқобил” (AfD) га ўхшаш партиялар билан бир сафга қўйган.

Бу партия эса, ўтган ой бундан-да ошиб тушган, Олмонияда масжидлар қуриш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш таклифи билан чиққанди.

Улар Ислом динининг олмон маданиятига ҳеч бир алоқаси йўқлиги, масжидлар ноқонуний таълимотларни ёйувчи масканлар эканини иддао қилишганди.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, “Ислом тўғрисидаги қонун” масаласи Олмонияда ўтган йили ҳам кўтарилган, бунга Австрияда амалда бўлган худди шу каби қонунчиликка киритилган тузатишлар сабаб бўлганди.

Австрияда ўтган февралда қабул қилинган янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси эса, ҳукуматга исломий ташкилотлар ва масжидларнинг четдан молияланишига чек қўйишга имкон берганди.

Аммо Олмонияда таълимй-тарбиянинг қандай шаклда бўлиши дохил диний жамоаларнинг ҳуқуқлари мамлакат конституциясида белгилаб қўйилган.

Худди шу омилни назарда тутган Олмониядаги йирик мусулмон уюшмалари вакилларига кўра, Насроний -социалистик иттифоқ таклиф қилаётган шаклдаги “Ислом тўғрисидаги қонун” мамлакат конституциясига зид, дискриминацион ва халқбозликдан ўзга нарса эмас.

Бошқа томондан, Насроний-социалистик иттифоқи Бош котиби берган суҳбат Франция ва Бельгия диний экстремистларнинг қонли ҳужумларига саҳна бўлган ва якунида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи масъулиятини олиб чиққан бу зўравонликлар аксарият Оврўпо давлатларида аксилисломий кайфиятларнинг кучайишига хизмат қилган бир пайтга тўғри келган.

Худди шу манзарада Олмонияда Андреас Шойернинг таклифларини маъқуллаб чиққан мусулмон экспертлари ҳам топилган.

Олмония ва мусулмонлар

Жумладан, Олмониянинг “Deutsche Welle” нашри ўз мақоласида сиёсатшунос ва исломшунос олим Ральф Ғадбаннинг бу хусусдаги фикрларини келтириб ўтган.

Унинг айтишича, четдан молиялаш ҳолларига чек қўйлиши, ростдан ҳам, исломий экстремистлар таъсири дамини қирқишга кўмак беради.

Бундан ташқари, олим Ральф Ғадбан Олмониядаги университетларнинг ўзи мамлакат мусулмонлари учун лозим миқдорда имомларни етиштириб беришга қодир, деган ҳам ишончда.

Олмониядаги аксарият имомлар эса, асли туркиялик.

Шу боис ҳам, Олмонияда улар турк ҳукуматининг таъсирини ёйувчи шахслар сифатида кўрилишади.

Худди шу боисми, сўнгги йилларда Олмониядаги бир қанча университетлар қошида махсус исломий марказлар очилган.

Олмониядаги қатор мусулмон жамоалари ўзларини расмий Анқаранинг таъсиридан узоқроқ тутиш ҳаракатига тушиб қолган бир шароитда, бу марказларни ташкил этишдан мақсад имомларнинг янги авлодини тарбиялаб, етиштириш экани айтилганди.

Агар, сўнгги маълумотларга таянилса, жорий пайтда Олмониянинг аҳолиси 80 миллион кишидан ортади.

Улар уч миллионга яқинининг ё отаси ва ё онасининг турк экани айтилади.

Олмониядаги масжидларнинг аксарияти эса, Диний ишлар бўйича турк-исломий иттифоқининг таркибига киришади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Оврўпо Иттифоқи давлатлари орасидан энг кўп мусулмонлар айнан Олмония ва Франциянинг ҳиссасига тўғри келади.

Агар, Американинг “Пью” тадқиқот марказининг ўтган йилги маълумотларига таянилса, 2010 йилда Олмониядаги мусулмонларнинг сони қарийб 5 миллион кишини ташкил қилган.

Қатор Оврўпо давлатларида сўнгги йилларда кузатилган қонли ҳужумлар ва аксарияти мусулмонлардан иборат юз минглаб қочқинларнинг кириб келиши эса, ҳозирга келиб, яна қитъадаги мусулмонлар мавзусини кун тартибига олиб чиққан.

Мусулмонлар сонининг ортиб бораётгани Франция, Белгия, Олмония, Буюк Британия ва Голландия каби кўплаб Оврўпо мамлакатларида муҳожирлик оқимини кескин чеклашга оид даъватларга ҳам сабаб бўлганди.

Ўтган йил охирида Австралия собиқ Бош вазири Тони Эббот, ҳатто, Исломнинг “муаммоси катта” ва худди шу боис ҳам, у “ислоҳ этилишга муҳтож” эканини иддао қилиб чиққанди.

У ўзининг “News Corps” таблоид нашрида чоп этилган мақоласида “мусулмонларни ёмонотлиқ” қилиш нияти йўқлигини баён қиларкан, Ғарб Ислом дини тўқнаш келиб турган улкан муаммо қаршисида жим қараб туролмаслигини баён қилганди.

Тони Эбботга кўра, “Австралияга содиқ бўлиш ва Ғарб тамаддунини ҳурмат қилишни талаб қилиш ўзга маданиятга нисбатан ҳурматсизлик бўлмайди”.

Яқинда ўтказилган сўров эса, Австралияда мусулмонларнинг, ўртача олганда, уч баробар кўп ирқий камситилишларга дуч келишларига далолат қилганди.

Агар, "Пью" марказининг ўтган йилги башоратларига таянилса, 2100 йилга бориб, дунё аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил қилишади.

Лекин унгача Насронийлик - эътиқод қилувчиларининг сони бўйича жаҳондаги етакчи динлигича қолади.

14 апрел куни эса, Олмония муҳожирларнинг олмон жамиятига интеграциясини кучайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳасини илгари сурган.

Унга мувофиқ, Олмонияда қолиш истагида бўлган муҳожирлар олмончани ўрганишлари шарт бўлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, бу - Олмонияда Иккинчи Жаҳон урушидан буён илк бор қабул қилинаётган интеграцияга оид қонундир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ