Кремл 'Süddeutsche Zeitung' дан кечирим сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кремл немис тилидаги 'Süddeutsche Zeitung' рўзномасидан у кимга қарашли экани тўғрисида нотўғри маълумот бергани учун кечирим сўрашига тўғри келди.

Пайшанба куни жонли мулоқотда Россия Президенти Путин саволлардан бирига жавоб бера туриб, "Süddeutsche Zeitung" рўзномасини Америка ширкатига қарашли деб айтган эди.

"Албатта биз ўз узримизни билдирдик ва нашрдан ҳам кечирим сўраймиз", деб айтган Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Песков бу унинг шахсий хатоси бўлганини тан олган. "Бу бизнинг хатомиз, аниқроғи, бу тўғрисида маълумот тайёрлаган менинг хатоим,- деб таъкидлаган Кремл вакили. Бу ерда ҳақиқатдан текширилмаган маълумот бўлган, қўшимча тарзда текширилмасдан уни президентга тақдим этилган".

Дмитрий Песков шу ўринда бизнесмен Михаил Прохоровнинг ОНЭКСИМ ширкати штаб офисида ўтказилган тинтувга ҳам изоҳ бериб кетган. Баъзи оммавий ахборот воситалари тинтувни ОНЭКСИМ таркибидаги РБК медиахолдинги муҳаррирлик сиёсатидан ҳукуматнинг норозилиги билан боғлашганди.

"Бу хабарлар нотўғри. Қандайдир қидирув-суриштирув ишларини Кремл билан боғлаш ақлга тўғри келмайди", деган жаноб Песков.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Президент Путин 14 апрел куни россияликлар билан навбатдаги "Жонли мулоқот"ни ўтказаётиб, офшор ширкатлар ҳақида берилган саволга "панама ҳужжатлари" тўғрисидаги дастлабки мақолалар Süddeutsche Zeitung рўзномасида пайдо бўлганини қайд этганди. "Süddeutsche Zeitung" медиа холдинг таркибига кириб, холдингнинг ўзи Американинг Goldman Sachs молия ширкатига қарашли. Яъни, ҳамма ёқда буюртмачиларнинг қулоқлари кўриниб туради, лекин қизаришмайди ҳам", деганди жаноб Путин ўз матбуот котибининг берган маълумотларига таяниб.

Кейинроқ, "Süddeutsche Zeitung" нашри бевосита ҳам, билвосита ҳам Американинг Goldman Sachs молиявий ширкатига боғлиқ эмаслигини маълум қилди.

"Süddeutsche Zeitung" ҳеч қандай ҳолатда "Goldman Sachs"га таалуқли эмас. Рўзнома 100 фоиз "Süddeutscher Verlag" нашриётининг шўъба ширкати ҳисобланади, деб айтган нашр директори Штефан Хилшер.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия Президентининг телевидениеда жонли мулоқотидан сўнг мухолифат вакили Михаил Ходорковский Путин ва савол берувчилар тадбирга олдиндан қаттиқ тайёргарлик кўрганларига қарамасдан, камида учта хатога йўл қўйгани, жумладан немис рўзномасининг эгасини нотўғри айтганини Феёсбукдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Шунингдек, Путин жонли мулоқотнинг ҳақиқатдан "жонлилиги"ни халққа кўрсатиб қўйишга ҳаракат қилиб, савол берган кишига мурожаат қилганда, бошловчилар савол олдиндан ёзиб олинганини айтишга мажбур бўлишган.

Жонли мулоқотда Путинга шунингдек, Эрдўғон ва Порошенко, Рамзан Қодиров ҳақида, Сурия, Украина, Тоғли Қорабоғга доир, Россиянинг биринчи хоними ва мелдоний таалуқли саволлар берилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ