"АҚШнинг Россия учоқларини уриб туширишга ҳаққи бор эди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ Давлат котиби Жон Керри айтишича, Болтиқ денгизидаги Америка ҳарбий кемасига яқин масофада парвоз қилган Россия ҳарбий учоқларини уриб туширишга АҚШнинг ҳуқуқи бўлган.

Ҳодиса 11 апрел куни юз берган.

АҚШнинг Donald Cook кемаси Болтиқ денгидаги ҳарбий машқларда қатнашаётган бўлган.

Америка ҳарбийлари Россиянинг ҳарбий Су-24 учоқлари Donald Cook кемасига жуда яқин учиб ўтганлари тасвирланган видео ва фотоларни эълон қилган.

"Биз бундай ҳаракатларни қоралаймиз", деб айтган АҚШ Давлат котиби.

"Бу ўйловсизлик. Бу провокацион. Ва бу хатарли. Ва қуролли кучларни қўллаш қоидаларига кўра, (бу учоқлар) уриб туширилиши мумкин эди", деб айтган Жон Керри.

Америка Давлат котиби бундай амаллар ҳаддан зиёд хавфли экани борасида Москвага хабар берилгани ва келажакда бундай ҳодисалар такрорланмаслигига Вашингтон умид қилаётгани ҳақида айтган.

Америкалик ҳарбийлар сўзларига кўра, Россия учоқлари Donald Cook кемаси яқинидан қайта-қайта учиб ўтганлар.

Учоқлардан бири кемага 9 метр масофага яқинлашган.

Шунингдек, Россия ҳарбий тикучари Америка кемасига яқинлашиб тасвирга туширган.

Учоқларда ракета бўлмаган.

Россия Мудофаа вазирлиги АҚШ тарафининг ушбу ҳодиса борасидаги баёнотларидан ҳайрон бўлганини билдирган.

Россия ҳарбийларига кўра, Россиянинг ҳарбий-денгиз базасига яқинлашган кемани кўргандан кейин ҳавога учоқлар кўтарилган.

Россия Мудофаа вазирлиги воизи сўзларига кўра, "АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемасининг ҳаракатланиш эркинлиги тамойили Россия ҳарбий учоқларининг парвози эркинлиги тамойилини инкор этмайди".

Donald Cook кемасининг сардорининг сўзларига кўра, Россия бомбардимончи учоқлари кемага "ҳужумни" хаёлан машқ қилганлар.

Америка ҳарбий кемасидан айтишларича, Россия учоқлари рус ва инглиз тилларидаги огоҳлантиришларга жавоб қайтармаганлар.

Айтилишича, бундай парвозлар 1970 йилларда имзоланган очиқ денгизда хатарли вазиятлар юзага келиши олдини олиш мақсадидаги келишувга зиддир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг