Нидерландияда ўғирланган суратлар Украинада топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи westfriesmuseum.info

Украина расмийлари хабар қилишларича, Нидерландиядаги суратлар галереясидан ўғирланган 24 суратнинг тўрттаси топилган.

XVI ва XVII асрларга тегишли суратлар Голландиянинг Хорн шаҳридаги музейда сақланган, ўғирлик 2005 йили содир этилган.

Ўғирланган картиналарнинг қиймати 11 миллион АҚШ долларига баҳоланган.

Украина расмийлари тўрт суратни қандай қилиб топганлари тафсилотини ошкор қилмаган.

Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василь Грицакнинг айтишича, илк суратни шу йил март ойи бошида топганлар.

Яна бир сурат апрель ойи бошида, иккита сурат эса 12 апрел куни қўлга киритилган.

"Дастлабки текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, суратлар асл", деб айтган Василь Грицак матбуот анжуманида.

Тарқалган айрим хабарларга кўра, суратлар украин миллатчилари қўлида бўлган.

Хорн шаҳри музейидан хабар қилишларича, ўтган йили декабрида икки киши Киевдаги Нидерландия элчилигига мурожаат қилишган ва картиналарни сотиб олишни таклиф этганлар.

Бу икки шахс Украин миллатчи қуролли гуруҳлари аъзолари бўлганлар деб кўрилмоқда.

Голландия матбуоти хабар қилишича, элчихонага мурожаат қилган шахслар ўғирланган суратларнинг ҳаммасини топишганини айтганлар ва эвазига 50 миллион Евро беришни талаб қилганлар.

Музей суратлар учун анча мақбул нарх таклиф этгани хабар қилинган.

Бироқ картиналарни олишга муваффақ бўлмаган Голландия тарафи Украина расмийларидан кўмак сўраганлар.

Украина Ички ишлар вазирлиги Голландия коллекциясидаги суратлардан айримларини қора бозорда сотишга уриниш бўлганини тасдиқлаган.

Хавфсизлик хизмати раҳбари Василь Грицак тахмин қилишича, ўғирланган суратларни бўлиб юборишга қарор қилганлар.

Суратлардан айримлари Украина шарқидаги ёки Россиядаги жиноий гуруҳлар қўлида бўлиши мумкин, дея тахмин қилади хавфсизлик хизмати раҳбари.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ