Япония: 'яна ер силкиниши эҳтимоли бор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Япониядаги қарийб 250000 кишига ўзларининг яшаб турган уйларини ташлаб чиқиш маслаҳати берилган, одамлар яна зилзила юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирилганлар.

Япония метереология агентлиги шу яқин кунларда яна ер силкиниши кутилмоқда демоқда.

Ўтган ҳафта мамлакат жанубидаги икки кучли зилзила оқибатида камида 42 инсон нобуд бўлди, 1000 дан ортиқ одам жароҳатланди.

Қидирув ва қутқарув ишларига 30000 ча одам жалб этилган.

Полиция 11 инсоннинг тақдири номаълум қолаётганини айтган.

Икки силкиниш ҳам вайронали бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бинолар қулаб тушган, йўллар, кўприклар ва тунеллар бузилган.

Ер силкинишлари узоқ тоғ қишлоқларини марказдан узиб ташлаган.

Япония Қизил Хоч ташкилоти маслаҳатчиси Наоки Кокаванинг Би-би-сига айтишича, уйларини ташлаб хавфсиз жойлардаги эвакуация марказларига жойлаштирилган одамларга ёрдам бериш учун янада кўпроқ тиббиёт ходимларини сафарбар этишга қарор қилинган.

Бир неча кундан буён эвакуация марказларида қолаётган кишиларнинг айримлари ўзлари учун кўнгилдагидек шароит яратилмаганидан шикоят қилганлар.

Биров кечки овқатга фақат икки коса гуруч берилганини айтса, биров сув етишмаётганидан шикоят қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Кўчирилган инсонларга шароит масаласи Япония парламентида ҳам кўтарилган.

Мухолифат танқидларига жавобан Бош вазир Шинзо Абэ ҳукумат қўлидан келган барча ишларни қилаётганини айтди.

Японияда 50 минглик қўшини бўлган АҚШ ҳаво орқали ёрдамларни ташкиллаштиришга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган.

Сейсмик фаол

14 апрел куни ҳам зилзила рўй берган, оқибатда тўққиз инсон ҳалок бўлган эди.

Япония сейсмик фаол минтақада жойлашган мамлакат ва зилзилалар кўп юз бериб туради.

Мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли зилзилалардан бири 2011 йилнинг 11 март куни рўй берган эди.

9 балли зилзила денгизда цунамини пайдо қилган, улкан тўлқинлар катта ҳудудни буткул вайрон этган эди.

Табиий офат оқибатида қарийб 15000 инсон нобуд бўлган.

2500 дан зиёд инсон бедарак кетган.

Зилзила "Фукусима" Атом электр станциясининг совутиш тизимини ишдан чиқарган, оқибатда АЭСнинг олти реакторидан тўрттаси ишдан чиққан.

АЭС атрофидаги 20 километр масофадан аҳоли кўчирилган, бу жойларда ҳозир одам яшаши уларнинг ҳаёти учун хатарли деб кўрилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ