Жаҳон бозорида нефт яна арзонлай бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Дунё нефт ишлаб чиқарувчи мамлакатларининг ташкилоти бўлган ОПЕКнинг сўнгги самити муваффақиятсиз якунланиши ортидан хом нефт нархи яна пасайган.

17 апрел куни Қатар пойтахти Дохадаги учрашув бесамар якунланди.

Бунгача "Доха учрашувида нефт ишлаб чиқарувчи мамлакатлар кунлик ишлаб чиқаришни камайтиришга келишиб оладилар" деган хабарлар жаҳон бозорида нефт баҳоси кўтарилишига сабаб бўлган, кўтарилиш охирги бир неча ҳафта давомида кузатилаётган эди.

Нефт нархининг охирги икки йил мобайнидаги арзонлашиши иқтисодиёти ушбу хомашёга боғлиқ Россия, Қозоғистон ёки Озарбайжондек мамлакатларга салбий таъсир кўрсатмоқда, кўп мамлакатларнинг "белини маҳкама боғлаши"га тўғри келмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шу манзарада қазиб олишни камайтириш билан нефт нархини кўтаришга эришиш чақириқлари янграмоқда.

Узоқ йиллар давомида жазо чораларидан жабр кўриб келган Эрон эса нефтини сотишда мушкулликларга дуч келган, яқиндагина санкциялар олиб ташланганидан кейин Эрон бундан кейин кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга қарор қилган.

Шунинг учун ҳам Эрон нефт ишлаб чиқаришни камайтириш чақириқларига қулоқ солишни истамаяпти, Қатардаги саммитга ўз вакилини юбормади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эрон камайтирмайдиган бўлса, биз ҳам нефт ишлаб чиқаришни камайтирмаймиз, дейишди Саудия Арабистони вакиллари.

Қатар Энергетика вазири нефт ишлаб чиқарувчи мамлакатлар бир тўхтамга келишлари учун вақт кераклигини билдирган.

Охирги бир неча ҳафта ичида Дохадаги музокаралар нефт қазиб чиқаришни камайтиришга таъсир қилиши тўғрисидаги хабарлар манзарасида нефт нархи кўтарилгани кузатилган.

Фейрал ойида Россия, Қатар, Венесуэла ва Саудия Арабистони нефт ишлаб чиқаришни шу йилнинг 11 январида келишилган даражада музлатишга келишган эдилар. Бироқ улар бу чекловни бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам қувватласаларгина, рози бўлишларини маълум қилгандилар.

Дохадаги учрашувлар бесамар тугаши орқасидан Москва фонд биржасида ҳам доллар ва евро нархи ошган. Бир доллар 68,6 рублга, бир евро 77,5 рублга етган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг