Эквадордаги зилзила қурбонлари сони 400 дан ошган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matias Zibell BBC Mundo

Эквадор расмийларига кўра, шанба куни юз берган кучли ер силкиниши оқибатида ўлганлар сони шу пайтгача камида 410 нафардир.

Икки ярим мингдан ортиқ инсонлар жароҳат олганлар.

Эквадор Президенти Рафаэл Корреа табиий ҳалокатни мамлакат тарихида сўнгги 70 йил ичидаги энг улкан фожеа деб атаган.

Табиий офат юз берган ҳудудга борган Президент Корреанинг айтишича, тиклаш ишларига миллиардлаб доллар керак бўлиши мумкин.

7,8 балли зилзила Эквадорнинг Тинч уммони қирғоғида жойлашган шаҳарларига улкан талофот етказган, кўплаб бинолар ер билан яксон бўлган, йўллар яроқсиз ҳолга келган.

Қутқарув ишларига 14 мингдан ортиқ ҳарбий ва полиция ходимлар жалб қилинган, бошқа мамлакатлардан ҳам қутқарувчилар юборилган.

Душанба куни кечқурун уч ва олти ойлик икки қизалоқ дохил олти киши Манта шаҳридаги меҳмонхона вайроналари остидан қутқарилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matias Zibell BBC Mundo

Зилзила кучли бўлган Портовехо ва Педерналес шаҳарларида дафн маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Сайёҳлар кўп бўлган бу икки шаҳарда одамлар кўчаларда ухламоқдалар.

Портовехо шаҳрида қамоқхона биноси қулаши орқасидан 100 дан ортиқ маҳбус қочган.

Уларнинг бир нечтаси ушланган, бироқ ўнлаб хавфли маҳбуслар очиқда қолаётганини хабар беради полиция.

Эквадор расмийларига кўра, минглаб вайроналар остидан тирик қолганларни қидириш давом этмоқда, бироқ қурбонлар сони ошиши мумкин.

Америка Давлатлари бош котиби Луис Альмагронинг билдиришича, кам фойдаланиладиган фавқулодда фондлар Эквадорга ёрдам учун жалб қилинади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг