Лейла ва Ориф Юнус Озарбайжонни тарк этишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Озарбайжонлик таниқли ҳуқуқ фаоллари Лейла ва Ориф Юнус ватанни тарк этиб, Ҳолландияга ҳижрат қилганлар.

Улар ўтирган учоқ сешанба куни Амстердамнинг Схипол аэропортига бориб қўнгани хабар қилинади.

2014 йилда эр-хотин фаоллар Франция ва АҚШ дипломатлари ҳамроҳлигида мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилишган, бироқ Боку аэропортида ушланган эдилар.

Ўтган йил ёзда Лейла Юнус молиявий жиноятларда, солиқ тўламаслик ва сохтакорликда айбланиб, 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган, унинг эрига 7 йиллик муҳлат тайинланганди.

Ҳуқуқ фаолларига давлатга хиёнат айблови ҳам илгари сурилган. Улар Озарбайжон ҳукуматининг ашаддий танқидчилари ҳисобланишади.

Халқаро ташкилот босимлари ва Лейла Юнус соғлиги ёмонлашгани боис, Бакудаги маҳкама унинг ишини қайта кўриб чиққан ва жазо муддатини қарийб 3 йилга қисқартириб, шартли қамоқ жазосига алмаштирган. Ориф Юнусга шартли жазо муддати берилган.

Ғарб инсон ҳақлари фаоллари билдиришича, Лейла Юнусга қарши айблов унинг фуқаролик эркинлигини ҳимоя қилиш фаолияти билан тўғридан-тўғри боғлиқдир. Лейла Юнус бошқарган нодавлат ташкилот Оврўпо Кенгаши ва бошқа халқаро институтлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келган. Табиийки, уларни Озарбайжондаги инсон ҳақлари бузилишига доир ҳолатлардан хабардор қилиб борган.

Ориф ва Лейла Юнус соғлиги билан жиддий муаммолар борлиги айтилган бундан олдин. Лейла Юнус қанд ва жигар хасталигига чалинган, кўриш қобилияти яхши эмас. Ориф Юнус ўткир юрак етишмовчилигидан азоб чекади. Ҳибсдалигида у икки бора юрак хуружини бошидан кечирган.

Хабар қилинишича, эр-хотин ҳуқуқбонлар Ҳолландияда аввало тиббий кўрикдан ўтишади. Озарбайжонлик фаоллар ушбу мамлакатдан сиёсий бошпана сўрашлари мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ