Янги 20 долларликда аёл акси пайдо бўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP. Women on 20S
Image caption Янги 20 долларлик кўриниши тахминан шундай бўлади.

АҚШ Молия вазирлиги хабар қилишича, янги чиқариладиган 20 долларлик банкнотда қулликка қарши курашган афроамерикалик фаол Гарриет Табмен акс эттирилади.

У юз йилдан ошиқ вақт мобайнида Америка пулида акс этадиган илк аёл бўлади.

Унгача бу шарафга биринчи хоним Марта Вашингтон лойиқ топилган. Унинг акси 1891-1896 йилларда чиқарилган 1 долларлик кумуш сертификатда берилган, 1865-1869 йиллардаги 20 долларлик купюрада ҳиндуларнинг қироличаси Покахонтас сурати қатнашган.

Янги чиқариладиган 20 долларлик банкнотда қулликни бекор қилиш учун курашган Гарриет Табмен сурати АҚШнинг еттинчи президенти, қулдор бўлган Эндрю Жексоннинг портрети ўрнини эгаллайди.

Ўтган йил Молия вазирлиги 10 долларлик банкнотларда АҚШ молия тизими асосчиси Александр Гамильтон портретини алмаштиришни режалаштираётганини билдирганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳозирги 20 долларлик пулларни АҚШнинг еттинчи президенти Эндрю Жексон портрети безаб турибди.

Бироқ бу ташаббус Америка жамиятида салбий қаршиланган.

Америка янги банкнотлари дизайнида бундан бошқа ҳам ўзгаришлар бўлиши кутиляпти.

АҚШ Молия вазири Жек Льюнинг билдиришича, 10 долларлик купюранинг олд томонида Гамильтон портрети сақланиб қолади, орқа томонида эса аёллар ҳуқуқлари учун курашган ҳаракат раҳбарлари акс эттирилади.

Беш долларлик пулларда фуқаролик ҳуқуқлари учун ҳаракат фаоллари суратлари бўлади.

20 долларлик банкнотнинг қаҳрамони бўлиши кутилаётган Гарриет Табмен 1820 йилда Мэриленд штатида қул оиласида туғилган. 1849 йил шимолга қочиб, қулликка қарши курашувчи аболиционистларҳаракатига қўшилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Афроамерикалик фаол Гарриет Табмен қулликка қарши фаол ҳаракат олиб борган.

"Махфий темир йўл" фаоллар сектасида қатнашиб, плантацияларада ишловчи қулларнинг шимолий штатлар ва Канадага қочишларига ёрдам беради. Шахсан ўзи камида 70 та қулни озод қилишга муваффақ бўлади.

Айнан Гарриет Табменнинг портрети 20 долларлик пулда пайдо бўлиши учун ижтимоий тармоқда ўтказилган сўров қатнашчилари овоз берганлар.

"Women On 20s" ташаббус гуруҳи томонидан "20 долларликдаги аёллар" ижтимоий сўровида Табмендан ташқари яна 19 аёлнинг исми шарифи кўрсатилган.

Улар орасида собиқ биринчи хонимлардан Элеанор Рузвельт, қора танлилар ҳуқуқлари учун курашган Роза Паркс, ҳиндулар доҳийларидан Вилма Мэнкиллерлар эҳтимолий номзодлар сифатида кўрилган.

Янги купюранинг якуний нусхаси 2020 йилда намойиш этилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ