Муҳожирлар инқирози: Меркел ва ОИ мулозимлари Туркияга боради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Libyan Coastguard

Олмония канцлери Ангела Меркел ва Оврўпо Иттифоқининг юқори лавозимли мулозимлари қочқинларни жойлаштириш бўйича баҳсли келишувдан бир ой ўтиб, Туркия-Сурия чегарасига ташриф буюришади.

Ҳуқуқ фаоллари Туркия муҳожирлар қайтишига хавфсиз жой эмас, деб ҳисоблайдилар.

Туркия расмийлари эса ўз фуқароларига ОИга визасиз тизим жорий қилиш талаби бажарилмас экан, келишув бекор бўлишидан огоҳлантиради.

Меркел хоним Сурия чегарасига яқин жанубий Ғазантепадаги қочқинлар жамлоғига бориши кутилмоқда. Олмония канцлери у ерда Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли билан учрашади.

Меркелга Оврўпо Иттифоқи кенгаши президенти Дональд Туск ва ОИ вице президенти Франс Тиммерменс ҳамкорлик қилади.

Айни вақтда Олмониянинг ўзида Меркел хоним муҳожирлик бўйича олиб бораётган сиёсати ва оврўполик баъзи ҳамкорлари қаршилигига қарамай Туркия билан келишувни ёқлагани мухолифатнинг танқидларига сабаб бўлган.

Бундан ташқари унинг ташрифи Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғонни ҳақорат қилишда айбланаётган немис ҳажвчиси билан боғлиқ баҳслар орқасидан кузатилмоқда.Туркия ва Олмонияда сўз эркинлиги тарафдорлари Меркелдан ўз ташрифи давомида бу мавзуда муносиб жавоб беришни сўраганлар.

Ғазантепада бўлган Би-би-си мухбири Селин Гиритнинг хабар қилишича, муҳожирлар инқирози бўйича келишувдан бир ой ўтиб, қочқинларнинг ҳаммаси ҳам келишув шартлари бажариляпти деб ўйламайди.

Шунга қарамай, Туркиядан Бнонистонга борувчи муҳожирлар сони 80 фоизга камайган. Бироқ ОИ нинг кўп давлатлари муҳожирларни қабул қилишни пайсалга солмоқда.

Ангела Меркел Туркияга ташрифидан мақсад қочқинларнинг бу ердаги яшаш шароити билан яқиндан танишиш эканини маълум қилган.

ОИ ва Туркия келишувига биноан, асосан сурия ва ироқликлардан иборат қочқинлар оқимини Туркия-Юнонистон ўртасида мувозанатли ушлаб туриш.

Шунингдек, 20 мартдан бошлаб Юнонистонга ноқонуний борган, бошпана сўрамаган ёки сўрови рад қилинган муҳожирлар Туркияга қайтарилиши керак.

Туркияга қайтган ҳар сурилик муҳожир учун ОИ қонуний мурожаат қилган бошқа суриликка жой бериш масъулияти олган.

ОИ комиссиясига кўра, охирги 30 кунда муҳожирлар сони 56 мингдан 7 минг 800 гача тушганини айтган бўлса, Муҳожирлар бўйича халқаро ташкилотнинг ҳисобларига қараганда, охирги кунлар қочқинларнинг сони яна ортган.

ОИ томонидан ваъда қилинган муҳожирларни жойлаштириш жараёни суст кетаяпти, мамлакатлар муҳожирларни қабул қилишни истамаяпти. Ҳозиргача 103 суриялик Туркиядан Оврўпога етказилган, дейилади комиссия хабарида.

Шундай экан ОИ келишуви сақланадими?

Amnesty International Туркияни сурияликларни ватанига мажбуран қайтараётганликда айблаб чиққан. Анқара бу иддаони рад қилади.

ОИ қочқинлар учун Туркияга кейинги тўрт йилда 6,8 млрд доллар ёрдам беришга рози бўлган.

Анқара ОИ билан визасиз тизим кучга киришини хоҳлайди, Оврўпонинг баъзи давлатлари бунга қарши чиқмоқда.

Туркия Президенти Эрдўғон ОИ берган ваъдасини бажармаса, Туркия келишувдан чиқишидан огоҳлантирган шу ой бошида.

Келишувга биноан, Туркия визасиз тартибга эришиш учун ўртадаги 72 шартни 4 майгача бажариши лозим бўлади. Бироқ дипломатлар келишув шартларининг ярми бажарилганини мисол келтирганлар.

Айни пайтда Туркия энг кўп қарийб 2,7 миллион суриялик қочқинга жой берган. Уларнинг яшаши Туркияга миллиардлаб долларга тушаётганини айтади ҳукумат.

Суриядаги фуқаролар уруши оқибатида миллионлаб инсонлар мамлакатни тарк этганлар. Уларнинг энг катта қисми қўшни Туркияга ўтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ