BBCUZBEK халқаро янгиликлари қисқа сатрларда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Президент Обама Олмонияга сафарини бошлаган. У Атлантика уммони оша савдо ва сармоя ҳамкорлигини кўзда тутган битимни таклиф этиши кутилган. Жаноб Обаманинг сафаридан олдин Германия Иқтисодиёт вазири Сигмар Габриел огоҳлантиришча, агар АҚШ Оврўпо ширкатларига ҳукумат шартномаларини қўлга киритишларига изн бермаса, бу келишув барбод бўлади.

Саудия етакчилигидаги Араб давлатлари ҳарбий коалицияси Яманда уюштирган ҳаво ҳужумларида "Ал-Қоида"нинг камида 10 жангариси ўлдирилган. Мукалла шаҳрида жангарилар асосий қароргоҳ сифатида фойдаланган бино нишонга олинган. Мукалла "Ал-Қоида"нинг Ямандаги мавқеи кучли минтақа ҳисобланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шимолий Ироқда эса Курд ва Туркман жангчилари ўртасида тўқнашув келиб чиққан. Оқибатда саккиз киши ҳалок бўлган. Зўравонлик "Туз ҳурмату" деб номланган жойда рўй берган. Бу жой Курдлар ва туркманлар бўлиб турадиган ҳудуд ҳисобланади. Ўтмишда ҳам бу ерда қуролли жанжаллар юз берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги хабар беришича, Покистон ва Афғонистон чегара қўриқчилари ўртасида қуролли тўқнашув рўй берган. Оқибатда 1 Афғон аскари ҳалок бўлган, икки аскар яраланган. Ҳодиса жума куни Нангарҳор вилоятининг Гушта туманида рўй берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитой Президенти Ши Жинпинг айтишича, диний гуруҳлар ўзларини коммунист партия назоратига беришлари керак. Пекиндаги икки кунлик анжуманда гапирган Ши Жинпинг сўзларига кўра, мамлакатдаги диний йўналиш ҳам Хитой қонунлари ва ҳам Хитой маданиятига мос бўлиши шарт.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Жанубий Африка республикаси Президенти Жакоб Зума икки кунлик давлат ташрифи билан Эронга борган. Унга катта сондаги бизнесменлар ҳамроҳлик қилмоқдалар. Музокараларда асосий эътибор Эронга нисбатан жазо чоралари бекор қилинганидан кейин ЖАР савдо алоқаларини қайта тиклашга қаратилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи METRO

Туркия полицияси ҳолландиялик журналистини ҳибсга олган. Бунга миллати Турк Эбру Умарнинг Твиттерда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғонни танқид қилгани сабаб бўлган. Умар хонимни Кушадаси денгиз соҳилидаги дам олиш ерида ҳибсга олганлар.

Мянмарда тухумдек келадиган дўл ёққан. Оқибатда камида саккиз одам ҳалок бўлган. Бирмадан олинган фото ва телевизион кадрларда одамлар дўлдан панага қочаётганлари тасвирланган. Узоқ давом этган жазирама иссиқдан кейин қаттиқ бўрон туриб ёғингарчилик бўлган, шамол 1700 ибодатхона ва кўплаб биноларни қулатган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг