Сурия инқирози: Ҳалабда касалхона ҳужумга учраган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳалаб шаҳридаги Ал-Қудс касалхонаси ҳаво ҳужумига тутилиши натижасида камида 14 бемор ва уч шифокор ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда халқаро "Чегара билмас шифокорлар" хайрия ташкилоти.

Сурия инсон ҳақларини кузатиш гуруҳига биноан, қурбонлар орасида 36 ёшли болалар шифокори Муҳаммад Восим ҳам бўлган.

Кўнгиллилардан иборат фуқаро мудофааси агентлигига кўра, шифохона ва унинг атрофидаги бинолар тўрт марта ҳаво ҳужумига тутилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Маҳаллий манбалар ҳужумда Сурия ҳукумати ва Россия ҳарбий учоқларини айблаганлар. Бироқ бу борада расмий муносабат билдирилмаган.

Олдинроқ Халқаро Амнести инсон ҳақлари ташкилоти Россия ва Суриянинг ҳукумат авиацияси Ҳалаб шаҳридаги ҳарбий амалиётлар доирасида мунтазам равишда касалхоналарни вайрон қилаётганини айтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сурияда мухолифат ва ҳукумат кучлари ўртасида қисман оташкесимга келинганига қарамасдан, охирги кунларда қарама-қаршиликлар яна кучайгани кузатилган.

Кузатувчиларнинг билдиришича, иккала томондан 30 дан ортиқ киши қурбон бўлган, ўнлаби яраланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жангларнинг янги тўлқини Сурия армияси Россия кучлари дастакловида Ҳалабга йирик амалиётни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар манзарасида кузатилмоқда.

Ҳужумлар БМТ воситачилигида ўтган ой қайта бошланган томонларнинг тинчлик музокараларини хавф остида қолдиради.

Чоршанба куни Суриядаги БМТ вакили Стаффан де Мистура АҚШ ва Россиядан "қил устида турган" тинчлик музокараларини қутқариш учун "энг юқори даражада"ги аралашувга чақирган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Келишувдан икки ой ўтиб, жанглар қайта бошланганининг сабаби, оташкесим бутун фронт бўйлаб тўхтатилмаганида, дейди Бейрутдаги Би-би-си мухбири Жим Муир.

"Исломий давлат" ва бошқа жангари гуруҳлар назорати остидаги ҳудудларда жанглар давом этаверди. Нусра фронти жангари гуруҳи жанглар кетаётган деярли барча ҳудудларда қатнашмоқда ва Ахрор аш-Шам каби гуруҳлар билан бирга ҳаракат қилмоқда, деб хабар беради у.

Ўтган ҳафтада Сурия кучлари ва исёнчилар томонидан содир этилган портлашлар 100 дан ортиқ тинч фуқаронинг ёстиғини қуритган.

БМТнинг Суриядаги вакили маълумотларига кўра, охирги 48 соатда тахминан ҳар 25 дақиқада бир суриялик ҳалок бўлган, ҳар 13 дақиқада биттаси яраланган.

Беш йилдан буён давом этаётган фуқаролар урушида Сурияда 270 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, миллионлаб кишилар мамлакатни тарк этганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга кирингglobal citizenshipglobal citizenship

Бу мавзуда батафсилроқ