Оврўпо Иттифоқи Туркияга “визасиз” саёҳат ҳуқуқини беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қочқинлар

Би-би-си манбасига кўра, Оврўпо Комиссияси Туркия фуқароларига Шенген ҳудудида шартли визасиз саёҳат қилишларига рухсат бериши мумкин.

Туркия томони Эгей денгизи оша Юнонистонга ўтган қочқинларни яна қайтариб олишга рози бўлгани Оврўпо Иттифоқининг виза илтифотига сабаб экани айтилади.

Аммо Би-би-си мухбири Катя Адлерга кўра, Туркия барибир Оврўпо Иттифоқининг шартларига кўниши ва айни келишув Оврўпо парламенти ҳамда Иттифоққа аъзо давлатлар томонидан маъқулланиши керак.

Оврўпо Иттифоқи бу виза келишувисиз Туркия муҳожирлар оқимини назорат қилмайди деган хавотирда.

Туркия орқали Оврўпога келаётган муҳожирларининг мисли кўрилмаган оқими Иттифоққа аъзо қатор давлатларда сиёсий инқирозга сабаб бўлган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Туркия қочқинларга муносабатда жаҳонга ўрнак бўлмоқда"

Туркияликларга визасиз саёҳат борасида чоршанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Оврўпо Иттифоқи-Туркия битимига кўра, Юнонистонга 20 мартга қадар ноқонуний келган муҳожирлар агар бошпана сўраб мурожаат қилишмаса ва ёки, бундай мурожаатлари ижобий қондирилмаса, яна Туркияга қайтариладилар.

Туркияга қайтарилган ҳар бир суриялик учун Оврўпо Иттифоқи бошқа бир қонуний бошпана сўрашга асоси бўлган сурияликни қабул қилишга розилик берган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари эса айни келишувнинг қонуний эканига шубҳа билан қарайдилар.

Уларга кўра, Туркия қочқинларни қайтариш учун хатарсиз бир макон эмас.

Аммо ўтган ой Оврўпо Кенгаши президенти Доналд Таск айни келишув аллақачон ижобий натижалар бераётганини айтганди.

Туркия ҳукуматини олқишлар экан, Оврўпо Кенгаши раҳбари Анқара “қочқинларга қандай муносабат қилишда жаҳонга ўрнак” бўлаётганини урғулаганди.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ