Брюссел аэропорти қисман очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

1 май куни Брюссел аэропортининг учиб кетиш зали йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлаган.

Якшанба куни "Завентем" аэропортининг учиб кетиш зали қисман иш бошлаши хабар қилинди.

Аэропорт раҳбарияти хабар қилишича, очилиш маросимидан кейин уч йўналиш бўйича парвоз йўловчиларига учиб кетиш залида хизмат кўрсатилади.

"Душанба кунидан 111 қайд этиш бурчагида йўловчилар текширилади, 36 қайд этиш бурчаги эса вақтинчалик биноларда жойлашган", дейилади аэропорт номидан тарқатилган баёнотда.

Аэропортда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Йўловчиларга учоғи учишидан уч соат олдин ҳаво йўналғасига етиб келиш маслаҳати берилган.

"Завентем"нинг учиб кетиш залида 22 март куни икки худкуш ҳужумчи ўзларини портлатганлари хабар қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Оқибатда 16 инсон ҳалок бўлган, кузатув залининг шишалари тўкилиб кетган, шифти қулаб тушган, рўйхатга олиш столлари вайрон бўлган.

Қўналға 12 кун буткул ёпиқ бўлди, сўнг аста-аста фаолиятини тиклай бошлади.

Аэропорт раҳбариятига кўра, 1 майга келиб кузатув зали ҳужумлардан олдинги йўловчилар сонининг 80 фоизига хизмат кўрсатишга тайёр ҳолга келган.

Қўналғанинг ўзининг тўла қувватига қайтиши учун ҳали яна вақт талаб қилинишини айтмоқдалар масъуллар.

Брюссел аэропорти июн ойига бориб тўлақонли фаолиятини қайта тиклай олишига умид билдирилмоқда.

22 март куни "Завентем" аэропорти ва "Маалбек" метро бекатидаги портлашлар оқибатида 32 инсон ҳалок бўлди.

Бу Белгия тарихидаги энг ҳалокатли ҳужумлар бўлган.

Портлашлар учун масъулиятни ўзини "Исломий давлат" деб атайдиган гуруҳ зиммасига олган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ