Испанияда россиялик мафиозилар қидирувга берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Испания маҳкамаси мамлакатдаги мафия гуруҳларига алоқадор кўрилган 12 россияликка халқаро қидирув эълон қилди.

Улар орасида Россиянинг юқори лавозимли расмий шахслари ҳам борлиги айтилган.

Рўйхатдаги 12 шахснинг Испанияда 2008 йили ҳибсга олиган мафия гуруҳи раҳбари Геннадий Петровга алоқадорлиги айтилган. Петров кейинчалик Россияга қочиб кетган.

Испания матбуотидаги хабарларга кўра, қидирувга берилганлардан баъзилари Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлган шахслардир.

Улардан бири Николай Аулов маҳкама қарорини "сиёсий" дея қоралади.

Жаноб Аулов Россия Федерацияси Гиёванд моддаларга қарши кураш Хизмати раҳбари ўринбосаридир.

Lenta.ru Гиёванд моддаларга қарши кураш Хизмати томонидан чиқарилган баёнотга иқтибосан, Испания маҳкамаси қарорини "Россия расмийлари обрўсини туширишга қаратилган сиёсий уринишлар", дея хабар берган.

Маҳкама қарорига биноан қидирувга берилган 12 киши буюртма қотилликлар, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар савдоси, қаллоблик, товламачилик ва ноқонунуий пулларни ювишда айбланган Тамбов мафия гуруҳига алоқадордирлар.

Гиёванд моддаларга қарши кураш Хизмати АҚШнинг FBI хизматига монанд қудратли ташкилотдир.

Қидирувга берилганлар орасида шунингдек, Парламентнинг Молиявий бозорлар Қўмитасини собиқан бошқарган, Дума аъзоси Владислав Пезник ҳам бор. Унинг рафиқаси Диана Гиндир ҳам рўйхатга киритилган.

Ҳозирда қидирувга берилган 12 кишидан баъзилари ўтган йили Испания Прокурори томонидан айбловлар эълон қилинган 27 нафар россиялик гумондор орасида ҳам бор эдилар.

Геннадий Петров Тройка амалиёти номи остида ўтказилган текширувлар натижасида 2008 йили ҳибсга олинган 20 киши орасида эди.

Испаниялик терговчиларнинг айтишларича, Петров гуруҳи Россиядаги қудратли шахслар, жумладан собиқ Мудофаа вазири Анатолий Сердюков ва собиқ Бош вазир Виктор Зубковлар билан ҳам алоқада бўлган.

2006 йили полонийдан заҳарланиб, Лондонда ўлдирилган собиқ КГБ зобити Александр Литвиненко Испания расмийларига россиялик уюшган жиноятчи гуруҳлар фаолиятини текширишда ёрдам берганди.

Унинг Испаниядаги текширувга ҳиссаси ўлими юзасидан Британияда ўтказилган текширув мобайнида аён бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг