Аҳмад Довутўғли истеъфо беришини эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли истеъфо беришга қарор қилгани ҳамда Адолат ва тараққиёт партияси раҳбарлигидан кетишини билдирди.

Олдинроқ, Туркиянинг бошқарувдаги Адолат ва Тараққиёт партияси шошилинч йиғилишида мамлакат бош вазири Аҳмад Довутўғлининг вазифасида қолиш ёки қолмаслиги ҳал бўлиши кутилаётган эди.

Туркия оммавий ахборот воситалари эса анжуманда партиянинг янги раҳбари тайинланиши, Аҳмад Довутўғлининг лавозимидан кетиши ҳақида ёзганлар.

Хабарларга қараганда, Эрдўғон президентликка сайлангач, Довутўғли номзодини Адолат ва Тараққиёт партияси раҳбарларигига ўзи тавсия қилганига қарамасдан, бош вазир билан келишмовчилик анчадан бери давом этиб келади.

Айтилишича, Довутўғли Эрдўғоннинг олиб бораётган сиёсатига эътирозлар билдира бошлаган. Эрдўғон мамлакатдаги бошқарув парламент тизимини ўзгартириб, президентлик ваколатларини кенгайтиришни хоҳлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Эрдўғон ва Бош вазир Довутўғли ўтган ҳафта учрашганлар.

Икки раҳбар ўтган чоршанба куни учрашишган, бироқ тафсилотлар очиқланмаган.

Расмийларга кўра, Адолат ва тараққиёт партияси анжумани 21 майда бошланиб, мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланадиган 6 июнгача давом этади.

Айни пайтда бош вазирликка эҳтимолий номзодлар сифатида Эрдўғонга яқин деб кўриладиган Транспорт вазири Бинали Йилдирим ва Энергетика вазири, шу билан бирга президентнинг куёви бўлган Берат Албайроқ номи тилга олинмоқда.

Хавотирли палла

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Президент Эрдўғонни ислоҳотчи Мустафо Камол Ота Турк давридан кейин Туркиядаги энг қаттиққўл сиёсатчи деб ҳисоблайдилар.

Ҳозирги бош вазирнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги роли ўтган ҳафта Аҳмад Довутўғли "Адолат ва Тараққиёт" партиясининг минтақавий раҳбарларини тайинлаш ҳуқуқидан маҳрум қилингач, янада пасайди.

Пайшанба куни Аҳмад Довутўғли партиянинг марказий ижроий қўмитаси мажлиси якунларига доир матбуот анжумани берган.

Ички сиёсий келишмовчиликлар Туркиядаги мураккаб паллага тўғри келмоқда. Мамлакат жануби-шарқида "Курдистон Ишчилар партияси" исёнчилари билан қарама-қаршиликлар тобора кучаймоқда, "Исломий давлат" жангарилари томонидан терррор ҳужумлари содир этилди ва ҳамон бундай ҳужумлар хавфи мавжуд, бундан ташқари мамлакатга минглаб қочқин ва муҳожирлар кириб келмоқда.

Шу манзарада Туркия билан ОИ билан қочқинлар бўйича келишув кучга кириши орқасидан, туркияликлар учун Оврўпога визасиз тизим жорий этилиши ва йирик молиявий ёрдам берилиши керак.

Ушбу келишувда Аҳмад Довутўғлининг хизматлари катталиги эътироф этилади. Айнан у Брюсселдаги музокараларни олиб борди, Президент Эрдўғоннинг роли бу ерда у қадар кўринмади.

Довутўғлининг истеъфога кетиши билан келишув тақдири ҳавода осилиб қолади, деб ҳисоблайди сиёсатчилар.

Туркиядаги Би-би-си мухбири Марка Лоуэннинг фикрича, кўпчилик Ражаб Тойиб Эрдўғонни Ота Турк давридан кейинги энг қаттиққўл сиёсатчи деб билади.

11 йил у бош вазирлик лавозимида бўлди, сўнгра 2014 йил президентликка сайланди.

Мамлакат парламент тизими учун президентлик асосан расмий аҳамиятга эга.

Бироқ Эрдўғонга кўра, мамлакат президентлик тизимига ўтказилгач, Туркия сиёсати учун фойдалироқ бўлади.

Танқидчилари Эрдўғон кўпроқ ҳокимиятга эга бўлишни исташини айтадилар.

Эрдўғон президент бўлгач, бош вазирликка собиқ ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғлини ўзи танлаган, унга ишонч билдирган эди. Бироқ Аҳмад Довутўғли Эрдўғон ўйлаганидек, бўйсунувчан бўлмаганини айтишади таҳлилчилар.

Бироқ шу пайтгача президент ва бош вазир ўртасида ошкора қарама-қаршилик сезилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ