Эрдўғон: Оврўпо Иттифоқи ўз йўлидан қолмасин!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аҳмад Довутўғли Туркия Бош вазирлигидан истеъфо беришини эълон қилгач, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон Оврўпо Иттифоқига нисбатан қаттиққўл мавқени эгаллаган.

Туркия Президенти Эрдўғон ОИ визасиз тартибни жорий қилиши эвазига аксилтеррор сиёсатдан воз кечмаслигини билдирди. "Биз ўз йўлимиздан борамиз, сиз ўз йўлингиздан қолманг", деди у.

ОИга кўра, Туркия Оврўпога муҳожирлар бўҳронини енгиллатиш орқасидан визасиз кириш ҳуқуқини олиши учун терроризмга қарши кураш мақсадларини аниқлаб олиши керак.

Эрдўғоннинг ОИга мурожаати ОИ билан келишувда роли катта бўлган Довутўғли истеъфо беришини эълон қилганидан бир кун ўтиб янграмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хабарларга қараганда, Довутўғли Эрдўғоннинг президентга кўпроқ ваколат бериш режасига қарши чиққан.

Жаноб Эрдўғоннинг айтишича, таклиф қилинган конституцион ўзгаришлар шахсий талаблар эмас, мамлакат учун керак бўладиган зарурият.

Туркия-ОИ келишуви Юнонистондан асосан сурияликларни Туркияга қайтаришни, бунинг учун Туркияга 3 млрд евро молиявий ёрдам ва бир қатор имтиёзларни кўзда тутади.

Имтиёзлар қаторида турк фуқароларига ОИнинг Шенген ҳудудига қисқа муддат учун визасиз киришни таъминлашдир. 22 ОИ аъзоси ва 4 аъзо бўлмаган давлатлар Шенген ҳудудида. Британия бунга кирмайди.

ОИ ўзининг талабларига жавоб бериши учун Туркия аввало террроризм бўйича қарашларини кўриб чиқишини хоҳлайди.

Эрдўғон эса бунга қарши кескин гапирган. "Туркия тўрт томондан террористик ташкилотларнинг ҳужумига учраб турганида, ОИ бизга визасиз тартиб эвазига терроризмга қарши кураш қонунини ўзгартиришимизни сўрайди", деб айтган у жума куни телевидение орқали чиқишида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Афсуски, биз ўз йўлимиздан борамиз, сиз ўз йўлингиздан боринг, деб айтган Эрдўғон ОИга қарата.

Эрдўғонга кўра, курд жангарилари ва жиҳодий гуруҳлари, шунингдек, Сурия ва Ироқдаги "Исломий давлат" билан қандай курашишни қонун белгилайди.

Бироқ ҳуқуқ ташкилотларининг айтишича, қонунлар мухолифат ва ўзгача фикрлайдиган журналистлар, олимларга қарши ишламоқда.

Туркия ва ОИнинг келишув шартларидан яна бири Туркиянинг ОИга киришидир.

Эрдўғон президентлик тартибини ислоҳ қилиш бўйича референдумни имкон борича тезроқ ўтказиш ниятида.

Довутўғли ўрнига бош вазирликка эҳтимолий номзодлар сифатида Транспорт вазири Бинали Йилдирим ва Энергетика вазири, президент куёви Берат Олбайроқлар тилга олинади.

Туркия рақамларда

Аҳолиси 78.7mлн

Ишсизлик 11,1%

БМТ рўйхатга олган 2млн 75 минг суриялик қочқинлар Туркияда

Матбуот эркинлиги бўйича дунё рейтингида 180 мамлакат орасида 151 ўринда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ