Содиқ Хон Лондоннинг биринчи мусулмон ҳокими

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

5 май куни бўлиб ўтган Лондон шаҳри ҳокимлиги учун сайловда Лейбористлар партияси номзоди Содиқ Хон ғалаба қозонган.

Содиқ Хон жами овозларнинг 56,8 фоизини қўлга киритган.

Унинг Консерватив партиядан бўлган рақиби Зак Голдсмит 43,2 фоиз тўплаган.

45 ёшли Содиқ Хон покистонлик муҳожирлар оиласида ўсиб вояга етган.

Ота-онаси Содиқ Хон туғилишидан олдинроқ Лондонга келиб жойлашганлар.

Отаси 25 йил давомида Лондонда автобус ҳайдовчиси бўлган, онаси тикувчилик билан ҳам банд бўлган уй бекаси эди.

Содиқ Хон оиладаги саккиз фарзанднинг бири, улар Лондоннинг ишчилар тумани Тутингда яшаганлар.

У 15 ёшидан сиёсатга қизиқиб қолиб Лейбористлар партиясига аъзо бўлган.

Шимолий Лондон университетида ҳуқуқшуносликни ўрганган.

Содиқ Хон инсон ҳуқуқлари бўйича юрист сифатида танилган.

У Британия парламентининг аъзоси бўлган.

Гордон Браун етакчилигидаги Лейбористлар ҳукуматида Транспорт вазири лавозимида ҳам ишлаган.

Содиқ Хон оиласидаги етти ака-ука ва бир сингил Ислом динига ҳурмат руҳида тарбияланганларини айтган, парламент аъзоси сифатидаги ўзининг илк маърузасида отаси унга Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) ҳадисларини қандай қилиб ўргатгани ҳақида эслаган эди.

У оилали, икки қизнинг отаси.

Лондон ҳокимлиги учун сайловда ғалабаси аниқ бўлганидан кейин Содиқ Хон ўзидек давлат берган уйда катта бўлган камтар оиланинг фарзанди Лондон ҳокими бўлиб сайланишини тасаввур ҳам қилмаганини айтган.

У сайлов кампанияси бошиданоқ, келиб чиқишидан қатъи назар, миллиардерми ёки автобус ҳайдовчиси, барча лондонликларнинг ҳокими бўлишга ваъда беради.

Содиқ Хондан олдин Лондон шаҳрини Консерватив Борис Жонсон 8 йил давомида бошқариб келди.

Содиқ Хонни Лейбористлар раҳбари Жереми Корбин ғалабаси билан табриклаган.

Содиқ Хон Лондон шаҳрида транспорт ҳақларини музлатишга, оддий одамларнинг сотиб олишга қурби етадиган нархда уй-жой қуришга, бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш учун солиқларни камайтиришга ваъда берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг