Москва мусулмонлари билан учрашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Ислом Россияда асосий маҳаллий динлардан ҳисобланади", дейди Россия Бош Муфтийсининг ёшгина биринчи ўринбосари Рушан Аббасов.

"Россия татарлари 8 асрдан бошлаб исломга эътиқод қилиб келадилар. Бу Россиядаги Исломнинг Ғарбдагидан фарқли жиҳатидир".

Москванинг Олимпия хиёбонида янги қурилган Жомеъ масжидидаги офисида ўтирган Аббосов Россияда расмий исломнинг вакилларидан.

У жуда сипо костюм кийиб, бўйинбоғ таққан, елкасига исломий халат ташлаб, бошига салла ўраган.

Унинг айтишича, икки йилдан бери шу вазифада ишлайди.

"Мусулмонлар жамоаси Россияда ҳар қачонгидан тез суръатлар билан ўсмоқда", дейди у. "Биргина Москванинг ўзида ҳозир икки миллиондан ортиқ мусулмонлар бор".

10 минг намозхонни сиғдирадиган муҳташам тиллакорли масжид Москванинг янги барпо этилган энг кўзга кўринган жойларидан бири саналади.

Масжид 2015 йил сентябр ойида Президент Путин ва унинг турк ҳамкасби Ражаб Тойиб Эрдўғон иштирокида тантанали равишда очилганди.

Ундан бир ҳафта олдин Россия Сурияда ўзининг кутилмаган ҳарбий амалиётларини бошлаган- бу ҳаракат натижалари алалоқибат Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар бузилишига олиб келди.

Очилиш маросимида гапирган жаноб Путин масжид бағрикенглик ва кўп конфиссионал англаш маркази бўлишини таъкидлаган.

Бироқ баъзи танқидчилар Россия ҳукуматини ҳаётий эҳтиёжлар ва 20 млн мусулмон фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишга қодир эмасликда айблайдилар.

"Бу ҳаммаси томоша", дейди таниқли журналист ва шарҳловчи Максим Шевченко.

"Улар бу 200 млн долларлик масжидни шаҳар марказида 10 минг диндор учун қуришди. Айни вақтда бутун Москва бўйлаб унинг ўсиб бораётган мусулмон аҳолиси учун етарли имкониятга эга бўлмаган атиги тўртта масжид бор. Россияда мусулмонлар иккинчи сорт фуқаролар ҳисобланишади".

Москвадаги мусулмонлар билан гаплашар эканман, уларнинг ҳаммаси масжидларнинг етишмовчилиги муаммосини тилга олди.

Уларнинг кўпчилиги меҳнат муҳожирлари ёки Россиянинг нотинч Шимолий Қовқоз минтақасидан ва ёки бўлмаса Марказий Осиёнинг Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон республикаларидан келганлардир.

Охирги йилларда Москвага юз минглаб кишилар иш топиш илинжида келганлар.

Тарихий Таганки туманидаги ресторанлардан бирининг хўжайини тожикистонлик Иззатнинг сўзларига қараганда, мижозлар учун ўрнатилган унча катта бўлмаган намозхонадан юзлаб одамлар фойдаланишади.

"Жума кунлари бу ер одамга тўлиб кетади", дейди у. "Бу яқин орада мусулмонлар бориб намоз ўқийдиган жой йўқ".

"Пойтахтда мусулмонлар кўпчиликни ташкил қиладиган баъзи туманларда умуман масжид ҳам йўқ", дейди Максим Шевченко.

"Ҳукумат янги масжид қуриш режасига қарши чиқиб келади. Натижада, москвалик аксарият мусулмонлар намоз ўқиш учун узоққа боришларига тўғри келади".

Келиб чиқиши ўзбекистонлик адвокат Рустам Қасимовга кўра, Ислом мамлакатдаги иккинчи йирик дин бўлсада, фақат баъзи амалдорлар Россия турфа маданиятли мамлакат ғоясини тан олади.

"Россия Федерацияси дунёвий кўринишда бўлиши лозим, лекин ҳар доим асосий урғу православ насронийликка қаратилади", дейди у Би-би-сига.

Жаноб Гасимовнинг айтишича, бу ёш мусулмонлар орасида бегоналик ҳиссини кучайтириб, натижада уларнинг баъзилари экстремизмга мурожаат қилишларига сабаб бўлади.

Ўтган йил июл ойида Россия Ташқи Ишлар вазири ўринбосари Сиромолотовнинг журналистларга билдиришича, 2200 россиялик фуқаролар ҳозирги пайтда Сурия ва Ироқда ИШИД сафларида жанг қилмоқда.

Россиянинг Сурияга ҳарбий аралашувига изоҳ берган Президент Путин шу нарсани сабаблардан бири сифатида келтирган.

Россиядаги расмий диний уламолар Суриядаги амалиётларни қувватлайди.

"Ғарб давлатлари Президент Путинни Сурия урушидаги шафқатсиз сифатида тасвирлашга уринар экан, биз уни ҳимоя қилишимиз лозим", дейди муфтий ўринбосари Аббосов. Бу инсониятни хавф остига қўйувчи терроризмнинг глобал кўринишига қарши урушдир..."

Мен намоздан кейин масжидни тарк этаётган диндорлар билан гаплашганимда, улар турлича фикрлар билдиришди.

"Мен Россиянинг Суриядаги ҳарбий аралашувига қаршиман", дейди доғистонлик Асланбек.

"Бу бомбалар сиёсатга умуман алоқаси йўқ минглаб гуноҳсиз мусулмонлар устига ташланмоқда. Касалхона ва мактаблар вайрон этилмоқда. Қандай қилиб бу ҳаракатни қувватлаш мумкин?"

"Инсонларни ўлдириш ҳамма динда қораланади", деб айтади чеченистонлик Муҳаммад. "Мен Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларини ёқламайман. Нима учун қувватлашим керак? Ҳар қандай муаммони тинч йўл билан ечса бўлади. Урушаётган барча томонлар музокаралар столига ўтиришлари керак".

Янги масжидда диққатни тортадиган жиҳати шуки, бошқарувчиларнинг аксарияти этник татарлар бўлса, намозхонларнинг кўпчилиги Шимолий Қовқоз ёки Марказий Осиёдан келганлардир.

"Россиядаги бутун мусулмон бошқаруви татарларга қарашли", дейди у. "Ҳамма расмий мусулмон диний уламолар татарлар ва беш маҳал намоз вақтидаги маърузалар рус ва татар тилларида қилинади".

Бу тилни яхши англамайдиган намозхонлар учун нимани англатади?

Кузатувчилар фикрича, ёшларни расмий масжидлардан узоқлаштириб, радикал гуруҳларга етакловчи омиллардан бири ҳам шу тушунмовчиликдир.

Қозоғистонлик такси ҳайдовчиси Асхат шундай дейди:

"Мен бу ерда анчадан бери яшайман. Лекин рус тилини яхши билмайман."

Асхатнинг айтишича, у ўзининг туманида масжид бўлишини хоҳлайди, бу бензинни ҳам тежарди, деб ҳазиллашади у.

Лекин унинг қувноқлиги орқасида хавотир яширинганини сезиш мумкин.

У бизга маҳаллий газеталардаги ишчи ўринлари ҳақидаги рекламани кўрсатади. Уларнинг ҳаммаси очиқчасига "славьян" кераклигини ёзади.

"Қандай қилиб мен бу ерда яхши иш топа оламан?"-сўрайди Асхат. "Одамлар бизга тоқат қилишмайди".

Москва мусулмонлари ўзларини шаҳар ҳаётининг бир қисми сифатида ҳис қилишлари учун ҳали узоқ йўлни босиб ўтишларига тўғри келиши ҳақиқатдир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг