"Қайиқда Австралиядан Сурияга етиб олмоқчи бўлганлар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи ABC

Австралия полицияси хабар қилишича, балиқчи кемасида Ҳинд уммонини кесиб ўтиб Суриядаги "Исломий Давлат" гуруҳига бориб қўшилишга қарор қилган беш эркакни ҳибсга олган.

Полиция хабарида айтилишича, жангари гуруҳга қўшилишни истаган бу одамлар кемани Мелбурн шаҳрида автомобилга юклаганлар.

Сўнг Австралиянинг Куинсленд штатидаги Кернс шаҳрига етиб олганлар.

Полициянинг тахмин қилишича, эркаклар кемада Австралиядан Филиппинга, Филиппиндан Индонезияга, сўнг Сурияге етиб олишни мўлжаллаганлар.

Австралия Телерадиокомпанияси хабар қилишича, ҳибсга олинганлар орасида ўзининг радикал қарашлари билан танилган Муса Серантонио ҳам бор.

Муса Серантонио бундан олдин ҳам қўлга олинган эди.

Уни 2014 йили Филиппиннинг Себу оролида ушлашган, бунга Интернет ижтимоий тармоғида Сурияга йўл олгани ҳақида хабар тарқатгани сабаб бўлган.

Сўнг Муса Серантониони Австралияга депортация қилгандилар.

Ҳибсга олинганлар орасида Шейден Торн ҳам борлиги хабар қилинмоқда.

У қамалган исломий уламо Жунаид Торннинг инисидир.

Жунаид Торн эса Перс шаҳридан Сиднейга парвоз қилиш учун сохта ном билан чипта сотиб олгани учун қамалган.

Матбуот хабарларига кўра, бешовлон аввалдан шубҳа остида бўлганлар.

"Ҳибсга олинган беш шахс полиция тергови билан ҳамкорлик қилмоқда", деб айтган Австралия Федерал полицияси сўзчиси.

Гумондорларнинг паспортлари бекор қилинган, шу йўл билан уларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши олдини олиш мақсади кўзланган.

Австралия расмийларига кўра, 110 тача Австралия фуқароси ИШИД сафларига бориб қўшилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг