Ҳукумат Би-би-сидан 'ўзига хослик' талаб қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Британия маданият вазири Жон Уиттингдейл "бошқалардан ажралиб турадиган мазмун-мундарижа" Би-би-си фаолиятининг марказида бўлиши керак", деб айтган.

Бу ҳақда у британ парламентидаги чиқишида гапирган.

Пайшанба куни Уиттингдейл "Оқ китоб" деб аталган Би-би-сидаги ислоҳотларнинг якуний режасини тақдим этган.

Британиядаги бюрократия тилида "якуний нусҳа" мазмунини англатувчи "Оқ китоб" парламентда муҳокама қилинади, аммо овозга қўйилмайди.

Ушбу ҳужжат Би-би-си фаолиятининг асосий тамойилларини ишлаб чиқувчи Қироллик Хартиясига асос қилиб олинади.

Унда шунингдек, Би-би-сини молиялаш механизми ҳамда бошқарув тизими ҳам белгиланади.

Жорий Қироллик Хартияси 2016 йил охирига қадар амал қилади.

Янги Хартия 11 йилга мўлжалланган.

Британ маданият вазири урғу берган "ўзига хослик" Би-би-сининг янги миссиясида ҳам акс этади.

Ушбу миссия "Жамоатчилик манфаатлари йўлида амал қилиш, барча аудиторияларга холис ва юқори сифатли медиаконтент яратиш, хабар ва маърифат тарқатиш ҳамда уларнинг вақтини чоғ қилиш" дан иборат бўлади.

"Янги дастурларга ғояларни муҳокама қилган пайт, муҳаррирлар фақат рейтинг ҳақидагина ўйламасдан, қандай қилсак новаторлик асосидаги ва юксак сифатли маҳсулотга эга бўламиз, деган саволни беришлари керак", деб айтган ҳукумат мулозими.

'Душманона муносабат'

Кенг кўламли ўзгаришлар Би-би-сининг бошқарув тизимига ҳам таъсир кўрсатади.

Жумладан, Би-би-сининг юқори назорат идораси бўлган BBC Trust тугатилади, унинг вазифаси британ оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи Ofcom га юклатилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Маданият вазири Жон Уиттингдейл

Айни пайтда янги бошқарув кенгаши ҳам ташкил этилади.

Унинг бир қисм аъзолари ҳукумат томонидан тайинланади, аммо аъзоларининг камида ярми Би-би-си томонидан тайинланиши керак.

Янги кенгашнинг вазифаси "Би-би-сининг стратегия, фаолияти ҳамда маҳсулотлари жамоатчилик манфаатларига хизмат қилиши"ни таъминлашдан иборат бўлади.

Янги Хартия амал қиладиган 11 йил давомида Би-би-сини молиялашнинг хонадонлардан олинадиган мажбурий лицензия тўловлари асосига қурилган амалдаги тизими сақланиб қолади.

Ҳозирда ушбу тўлов бир йилда 145 ярим миллион фунт-стерлинг (тақрибан 226 миллион АҚШ доллари)ни ташкил қилади.

Би-би-си Жаҳон Хизматининг йиллик бюджети келаси 5 йилда 254 миллион фунт-стерлингни ташкил этади.

Бундан ташқари, Жаҳон Хизмати британ ҳукуматидан 2020 йилга қадар 289 миллион фунт-стерлинг қўшимча маблағ олади.

Би-би-си юлдузларга тўланадиган ҳақ, агар йилига 450 минг фунт-стерлингдан кўп бўлса, бу ҳақда жамоатчиликка маълумот бериш мажбуриятини олади.

Уиттингдейлнинг баёнотига жавобан парламентда чиқиш қилган лейбористларнинг маданият сўзчиси Мария Игл вазирни Би-би-сига нисбатан душманликда айблаган.

"Биламизки, вазир Би-би-сига нисбатан душманона муносабатда, шунинг учун ҳам уни кичрайтирмоқчи", деб айтган мухолифатдаги лейбористларнинг "соя ҳукумати"даги маданият вазири.

Би-би-си бош директори Тони Холлнинг айтишича, "Оқ китоб" "жамоатчилик ишонадиган кучли ва ижодкор Би-би-си учун мандат беради".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг