Бразилияда Русеф истеъфоси учун овоз берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бразилия парламенти юқори палатаси мамлакат президенти Дилма Русеф истеъфоси жараёни бошланиши учун овоз берган.

Импичментни 55 депутат ёқлаган, 22 таси қарши чиққан. Дилма Русеф импичмент жараёни вақтида ўз вазифасидан зудликда четлаштирилади.

Сенат мажлиси узоқ давом этган марафонга айланиб кетган. Овоз бериш олди ўтказилган дебатларда аксарият сенаторлар, 81 тадан 70 таси қатнашган.

Деярли барча сўзга чиққанлар президент истеъфосини ёқлаб гапирганлар, бироқ Русефнинг Ишчилар партиясидаги сафдошлари воқеаларни сохта деб атаганлар ва президентни қувватлаганлар.

Сенатдаги овоз бериш арафасида Дилма Русеф ўзининг ҳокимиятдан четлаштирилишига қарши сўнгги бор уриниб кўрган, бироқ Олий маҳкама унинг импичментга тўсиқ қўйиш сўровига рад жавоби берган.

Шундан сўнг президент сенат қарорини кутиб ўтирмай, ўзига тегишли нарсаларни олиб иш хонасини тарк этгани айтилади.

Сенатнинг импичмент тўғрисидаги қарори Бразилия парламенти юқори палатасида президентни ҳокимиятдан четлаштириш иши бўйича эшитув ўтказилишини англатади. Бу вақтда у ўзининг президентлик вазифаларини бажармайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Дилма Русеф истеъфоси талаб қилинган норозиликлар.

Дилма Русефни 2014 йил сайлов кампанияси пайтида мамлакат бюджетидаги ҳақиқий дефицитни яширганликда айбламоқдалар.

Бу билан бир вақтда Бразилияда 2014 йилдан давлат назоратида бўлган Petrobras ширкатидаги коррупцион тизимларни текшириш давом этаяпти.

Русеф хонимнинг ўзи айбловларни инкор қилади ва ўз рақибларини сиёсий товламачиликда айблайди. Шунингдек, у истеъфога чиқмаслигини яна бир бор таъкидлади.

"Бу фикр менинг хаёлимга ҳеч қачон келмаган", деди Русеф хоним.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ