Трамп мусулмонлар тақиқи ҳақидаги гапини юмшатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШ президентлигига Республикачи номзод Доналд Трампнинг айтишича, унинг мусулмонларнинг АҚШ ҳудудига киришларига тақиқ жорий этиш лозимлиги ҳақидаги сўзлари 'фақат таклиф эди'.

Fox News телеканалига интервю берган Доналд Трамп вақтинчалик тақиқни назарда тутган эди.

Ўтган йил декабрида 14 инсон умрига зомин бўлган отишадан кейин президентликка номзод Доналд Трамп, 'мусулмонлар АҚШ учун таҳдид', деган баёнот билан чиққан, мусулмон инсонларнинг Америкага киришини маън этиш лозим, деб айтган эди.

Трампнинг мусулмонлар ҳақидаги ушбу баёноти АҚШ ва бошқа мамлакатларда сиёсатчилар ва диний раҳбарлар томонидан кескин танқидларга сабаб бўлди.

Британияда Доналд Трампнинг Британияга киришини тақиқлаш талаби билан петиция ташкил қилинди.

Бу петицияни дастаклаб бир неча юз минг киши имзо қўйди.

Лондоннинг биринчи мусулмон ҳокими Содиқ Хон агар Доналд Трамп АҚШ президентлигига сайланадиган бўлса, мусулмон бўлгани учун Америкага сафар қилолмай қолишидан хавотир билдириб баёнот берган эди.

5 май кунидаги Лондон ҳокимлиги сайловида асли келиб чиқиши покистонлик мусулмон оиланинг фарзанди Содиқ Хон ғалаба қозонганидан кейин Доналд Трамп Содиқ Хоннинг АҚШга кириши учун истисно қилиниши мумкинлигини айтиб чиқди.

Доналд Трампнинг кўплаб баҳсли баёнотлари Республикачилар партиясининг кўплаб аъзолари томонидан қаттиқ танқидларга тутилди.

Республикачиларнинг қатор етакчи аъзолари жаноб Трампни сайловда қўллаб-қувватлашдан воз кечдилар, унинг ўрнига партия номидан бошқа сиёсатчи номзодини илгари суриш таклифи ҳам илгари сурилди.

12 май куни Трампнинг Республикачиларнинг юқори лавозимли вакиллари билан учрашуви режалаштирилган.

Доналд Трамп Вакиллар Палатаси спикери Пол Райан билан бу борада келишиб олгани хабар қилинди.

Бундан олдин Пол Райан ҳам жаноб Трампни дастаклашдан воз кечганини эълон этган эди.

11 май куни эълон қилинган омма фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Америкадаги сайловчиларнинг 41 фоизи Демократия партия номзоди Ҳиллари Клинтон учун, 40 фоизи эса Доналд Трамп учун овоз беришни хоҳлар экан.

19 фоиз сайловчи ҳали кимга овоз бериши борасида бир қарор келмаган.

Рейтер ахборот агентлиги ва Ipsos тадқиқот компанияси биргаликда ташкил қилган сўровда қарийб 1300 киши қатнашган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ