'Британиянинг ОИдан чиқиши Путин учун ажойиб совға'

Фото муаллифлик ҳуқуқи MIKHAIL KLIMENTYEV AFP
Image caption "Путин бирлашган Оврўпога ўзининг душмани деб қарайди ва кўпроқ майда, кучсиз ва тарқоқ рақиблар билан иш олиб боришни маъқул кўради".

Россия мухолифати етакчиларидан, шахмат чемпиони Гарри Каспаровга кўра, Брексит Путин учун катта совға бўлиши мумкин.

"Брексит": Владимир Путин учун исталган совға" деб номланади Гарри Каспаровнинг Guardian рўзномасида Британиянинг Оврўпо Иттифоқига аъзолиги ҳал бўладиган референдумга бағишланган мақоласида. Брексит Британиянинг ОИдан чиқишидир.

"Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил"- Кремл айнан ана шу янги бўлмаган, бироқ натижали сиёсат билан Оврўпо Иттифоқи мамлакатларига ёндашади.

"Путин бирлашган Оврўпога ўзининг душмани деб қарайди ва кўпроқ майда, кучсиз ва тарқоқ рақиблар билан иш олиб боришни маъқул кўради", деб ёзади Каспаров.

Ўтган йили Шотландияда ўтган референдум натижалари, сайловчиларнинг мустақилликка қарши овоз берганларини Кремл худдики мотамдек қабул қилгани ҳам бежиз эмас, деб қайд этади мухолифатчи.

Путин учун Брексит хоҳишлар рўйхатидаги қатор бўлиб қолмасдан, Оврўпо Иттифоқи Британиясиз унинг янгисовет амбицияларига қарши камроқ имконга эга рақибга айланади.

Путин ҳар доим Оврўпо Иттифоқи мамлакатлари бўлинишига олиб келишга қодир деб билган сиёсий кучларни доим қувватлаб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Гарри Каспаров Россия ҳукумати, шахсан Путиннинг ашаддий танқидчиларидан.

Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқиши Кремл раҳбарлари ва Оврўпонинг ўта ўнглари учун Оврўпони тарқоқлигига эришиш томон фақатгина куч ва жасорат беради, деб таъкидлайди Каспаров.

"Бу дунёвий тартиб ва бутунжаҳон иқтисодий ўсиши ҳамда инсон ҳуқуқлари ва демократия каби умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан улкан орқага қўйилган қадам бўлади, деб ҳисоблайди у.

Бундан олдин Оврўпонинг қатор раҳбарлари, АҚШ Президенти Обама ҳам Британияни ОИ аъзолигидан чиқиши катта хато бўлишини айтишган.

Халқаро Валюта фонди раҳбари Кристин Лагарднинг сўзларига кўра, Британия ОИдан чиқиш учун овоз берар экан, бу мамлакат учун оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Ноаниқлик даври Британия учун узоқ давом этишидан огоҳлантиради Лагард хоним.

Унинг Британия Молия вазири Жорж Осборн билан бирга матбуот анжуманида айтишича, Британиянинг ОИга аъзолиги нафақат мамлакатнинг ички иши, балки жиддий халқаро масаладир.

Кўпгина таҳлилчилар фикрича, Британия ОИ дан чиқиши билан фонд биржаларида беқарорлик, даромадлар пасайиши юз бериши, Лондон жаҳоннинг молия маркази сифатидаги мавқеини ҳам йўқотиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondonb
  • • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг