‘Мусулмонларга: Экстремистларни топширинг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бундай даъват билан АҚШ президентлик сайловларида асосий республикачи номзод сифатида кўрилаётган миллиардер Дональд Трамп чиққан.

Дональд Трамп бу ҳақда Буюк Британиянинг ITV телеканалига берган суҳбати чоғида баён қилган.

Республикачи номзодга кўра, у мусулмонларга эмас, террорга қаршидир.

Унинг бу сўзлари британ Бош вазири Дэвид Кэмероннинг ўзига қарши қаратилган танқидларига жавобан янграган.

Дональд Трамп ўтган йил охирида ўтказган сайловолди кампанияларидан бирида АҚШнинг эшикларини мусулмонларга ёпиш даъвати билан чиққан.

Америкалик республикачи номзоднинг бу чиқиши дунё бўйлаб катта шов-шув, норозилик ва танқидларга сабаб бўлган.

Британ Бош вазири Дэвид Камэрон ҳам унинг бу чақириғини беэътибор қолдирмаган.

У Дональд Трампнинг қилган ишини “ножоиз” атаб, ўзини “нифоқ уруғини сочаётган эсини еб қўйган инсон” сифатида таърифлаганди.

Дональд Трампнинг мусулмонларга қарши илк даъвати янграган пайтда ҳеч ким унинг сайловларда Республикачи партиядан асосий номзод бўлиши ҳақида ўйламаганди.

Иддаолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи getty image

Республикачи номзод ўзининг ўқтиришича, мусулмонларга қарши айтган бу сўзлари учун фақат бошқа сиёсатчилар томонидангина танқидларга учраган, холос.

Дональд Трампнинг даъво қилишича, қилган даъвати ортидан, “ҳақ эканини айтиб”, дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ўзини қўллаб-қувватлашган.

Шунча норозилик ортидан, ўз сўзларидан қайтиш-қайтмаслиги ҳақидаги саволга эса, унинг жавоби калта бўлган.

“Мен фақат одамларни ўйлашга мажбур қилдим, холос. Бунинг яхши ёки ёмон экани билан эса, ишим йўқ”, - дея гапни қисқа қилган Дональд Трамп.

Республикачи номзоднинг қўшимча қилишича, “Жуда ёмон бир ҳолат юз бераяпти-да, инсонлар кўриб, ўзларини кўрмаганга олишмоқда”.

Агар, жаноб Трампнинг даъвосига таянилса, бутун дунё қаршисида радикал исломий террорчилик муаммоси турибди.

“Бутун дунё портламоқда”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

“Бутун дунёга назар солинг – у портламоқда. Бу иш билан, табиийки, швецияликлар шуғулланишаётгани йўқ, тўғрими?”, - дея баён қилган нью-йорклик миллиардер.

Унинг сўнгги телевизион суҳбатида айтишича, экстремистларни мусулмонларнинг ўзлари полицияга топширишлари шартдир.

“Мусулмонлар полиция билан ҳамкорлик қилишлари керак. Улар эса, бундай қилишмайди. Агар, мусулмонлар ўйин шартларига мувофиқ ўйнашмаса, ҳеч бир иш чиқмайди”, - дея сўзларида давом этган Трамп.

Республикачи номзод суҳбати давомида британ Бош вазирининг ўзига қаратилган танқидларига бир неча бор тўхталиб ўтган.

АҚШ президенти этиб сайланган тақдирда, “Дэвид Камэрон билан муносабатлари у қадар силлиқ бўлмаслиги”ни ҳам айтган.

“Афтидан, у билан муносабатларимиз зўр бўлмайди. Яна ким билади, дейсиз. Мен, барибир, яхши алоқада бўлишимизга умидворман. Лекин, назаримда, британ Бош вазири ҳам бу муаммони ҳал этишга ҳозир эмас”, - деб айтган у.

Содиқ Хон ҳам бир четда қолмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дональд Трамп, ўз ўрнида, Лондон янги ҳокими Содиқ Хоннинг ўзини "жоҳил", деб атаб, қилган "юз-хотирсизлиги"ни ҳам унутмаслигини таъкидлаган.

Содиқ Хон шу ой бошида Лондоннинг илк мусулмон ҳокими этиб сайланганди.

У ҳам Дональд Трампнинг мусулмонларга қарши қаратилган даъватларига диққат қилган.

Америкалик республикачи номзод "ўзининг Исломга оид жоҳилона қарашлари билан ҳар икки давлатнинг хавфсизлигини янада таҳдид остида қолдирган"ини айтганди.

Дональд Трамп эса, ҳали ўша пайтдаёқ бунга жавобан "Хон сўзларининг ўзи жоҳиллик бўлганини" баён қилганди.

"Мен ўзимни ҳақоратланган ҳис этдим. У мени билмаса...Бу жуда қўпол баёнот", - деб айтган жаноб Трамп ITV га берган сўнгги суҳбатида ҳам.

Аммо ҳам Дэвид Кэмерон ва ҳам Содиқ Хоннинг вакиллари на-да британ Бош вазири ва на-да Лондон ҳокими Трампга қарши айтган сўзларидан қайтишларини айтишган.

Америка Қўшма Штатларининг ўзида эса, аксарият етакчи республикачи сиёсатчилар Дональд Трампга қарши мавқеъда эканликларини яширишаётгани йўқ.

Аммо жорий пайтда шу йил ноябр ойига режаланган АҚШ президент сайловларида Республикачи партиядан бошқа номзод йўқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ