Сурияликларсиз Сурия музокаралари иш берадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жаҳон раҳбарлари Сурияда тинчликка эришиш йўлидаги музокараларни қайта жонлантириш учун учрашишмоқда.

Венада ўтаётган йиғин доирасида Германия ташқи ишлар вазири учрашувдан мақсад оташкесим битимини кучайтириш ва инсонпарварлик ёрдамини кўпайтириш эканини айтди.

Унинг айтишича, бу билан мухолифатни урушга якун ясаш йўлидаги музокараларга жалб қилиш мумкин бўлади.

Апрель ойида Суриядаги мухолиф кучлар жангларнинг кучайиши ва ёрдамнинг тўхтаб қолаётганидан норозилик билдириб музокаралардан чиқиб кетишганди.

БМТнинг Сурия масалалари бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура май ойи охирида Женевада янги музокаралар раундини бошлашга умид қилаётгани айтилади.

Президент Башар ал-Ассадга қарши ғалаёнлар бошланганидан бери Сурияда 250 мингдан ошиқ одам ўлган ва 11 миллион одам уйларини тарк этишга мажбур бўлишган.

Венада ким учрашаяпти?

Венадаги музокараларда на Сурия ҳукумати, на мухолифат иштирок этаяпти.

Аммо, унда қатнашаётган Халқаро Сурия Ёрдам Гуруҳига мазкур урушга бевосита ё билвосита алоқадор 21та мамлакат ва ташкилотлар киради.

Улар орасидаги АҚШ, Британия, Франция, Германия, Саудия Арабистони ва Туркия Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлашса, Россия ва Эрон Ассад тарафдорларидир.

Ким нимани истайди?

Ғарб дипломатлари мухолифатни тинчлик музокаралари столига қайтишини истайдилар. АҚШ ва Россия воситачилигида февраль ойида эришилган оташкесим яқинда Ҳалаб шаҳрида юзлаб одамларни ўлдирган жанглардан кейин савол остида қолган.

Улар, шунингдек, қамал остидаги исёнчилар ҳудудларида очликдан жабр чекаётган аҳолига озиқ-овқат етказилиши қайта таъминланишини хоҳлашади. Ассад ҳукумати бу таъминотни кесиб қўйгани айтилган.

Дипломатларга кўра, бу ҳаракатларнинг бари Россия ўз иттифоқчиси бўлмиш Ассадга қанчалар босим ўтказишга тайёр эканига боғлиқ бўлади.

Улар нега босим остидалар?

Халқаро Сурия Ёрдам Гуруҳи 1 августда Сурияда ўтиш ҳукумати тузилишини истайди. Режага биноан, сўнгра 18 ой ичида Сурияда сайловлар бўлиб ўтиши керак.

Аммо, ҳукумат музокарачилари бу масалани муҳокама қилишга иштиёқ кўрсатишмаяпти. Энг нозик масала Президент Ассаднинг келажагидир.

Ўтган ҳафта АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг айтишича: "Агар 1 августгача ҳеч нимага эриша олмасак, кимнингдир кўзига тик қараб биз қандайдир ижобий қадамлар қилаяпмиз, дейишимиз ўта қийин бўлади".

"Бу жуда хавфли, чунки томонлар ҳарбий ҳужумларини янада кучайтиришга қарор қилишлари мумкин", - дея қўшимча қилди у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг