"Муҳожирлар контрабандаси 5-6 миллиард фойда келтирган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Оврўпо Иттифоқи ҳудудига ноқонуний муҳожирларни олиб кириш халқаро бизнесга айланиб, даромад салмоғи йилига олти миллиард долларни ташкил қилиши мумкин, дейилади "Оврўпол"нинг янги ҳисоботида.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Оврўпога келаётган муҳожирларнинг 90 фоизи ўз сафарлари давомида бу тармоқ аъзолари хизматидан фойдаланишларига тўғри келади.

2015 йилнинг ўзида Оврўпога қарийб бир миллионга яқин ноқонуний муҳожирлар киришган, уларнинг аксариятига қонунбузар ташкилотлар ёрдам берганлар. Ноқонуний муҳожирлар бу хизматлар эвазига 3,2 минг доллардан 6,5 минг долларгача тўлаганлар. Шу тариқа бу тижоратнинг ўртача даромади 6 миллиардга айланади, дея ҳисоблайди "Оврўпол".

Кўп ҳолларда бу пуллар муҳожир Оврўпога етиб келганида ёки бўлмаса йўлнинг ўзидаёқ тўланади.

Шу билан бирга, полиция бу каби тармоқларнинг мижозлари ошиши эҳтимолини айтади. Боиси, кўп мамлакатлар қочқинлар ва муҳожирларнинг кириб келишига чекловлар жорий этиши орқасидан, одамлар Оврўпога кириб олиш учун қонуний йўлларни айланиб ўтувчи жиноий тизимлар хизматига кўпроқ мурожаат қиладилар.

Жиноятчилар чегарада нафақат ноқонуний одам ташиш билан шуғулланадилар, балки муҳожирларга сохта ҳужжатлар ҳам тайёрлаб берадилар. Улврнинг фаолияти коррупцияни ўсишига олиб келади. Бундан ташқари, муҳожирларни ноқонуний ташиш одатда гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш каби бошқа жиноятлар билан бирга кузатилади.

Жиноий тармоқ жуғрофияси

Ҳозирча бу каби гуруҳлар анча тарқоқ. Бундай ташкилотлар дунёнинг қарийб 100 мамлакатида бўлиб, улар ичида Оврўпо давлатлари ҳам бор. Ҳар бир гуруҳ ўз йўналиши ҳудудини назорат қилади.

"Оврўпол" ноқонуний муҳожирлик йўналишларини аниқлашга ҳаракат қилган. Ҳозир улар асосан чегара назорати, об ҳаво шароитлари ва бошқа факторларга боғлиқдирлар.

Ўрта Ер денгизининг ғарбий қисми орқали йўналиш Испания ва Португалиядан ўтади. У ердаги ноқонуний муҳожир ташувчилар 10 йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият олиб боради. Уларнинг хизматига энг кўп Жазоир, Марокко ва гвинеяликлар мурожаат қилишади.

Ливияликлар Оврўпога асосан Италия орқали ўтишади. Шунингдек, Африканинг бошқа давлатларидан ҳам келишади. 2015 йилда бу йўлдан қарийб 154 минг ноқонунийлар фойдаланиб, Оврўпога кириб олганлар.

"Оврўпол"нинг қайд этишича, Юнонистон ва Болгария орқали ўтадиган Жанубий Оврўпо йўналиши, Россия, Украина, Молдова ва Белорус орқали Шарқий йўналиш, Россия ҳудудидан Норвегия ёки Финландияга борадиган Шимолий йўналишлардан фойдаланган жами 889 минг муҳожир Оврўпога киришган.

Бу жиноий гуруҳларнинг ташкилотчилари ҳам оврўполиклар бўлмай, кўп ҳолларда мижозлари таълуқли мамлакатлардан келиб чиққанлардир. Баъзан улар ўз маршрутлари марказларида ресторан ёки автомобилни ижарага бериш каби кичикроқ тижоратга эга бўладилар.Бу идоралар орқали улар пулларини ювадилар.

Полиция ишонишича, чегара назоратини кучайтириш чоралари ортидан, муҳожирларни олиб ўтишни ташкиллаштирувчи гуруҳлар яна бошқа йўналишларни таклиф қиладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ