'Янукович айбдорлигининг исботини тополмаяптилар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина Бош Прокуратураси мамлакат собиқ президенти Виктор Януковичнинг 2014 йилда Майдондаги қотилликларга алоқадорлигини тасдиқлайдиган далиллар тўплай олмади, деб айтган унинг ҳимоячиси Виталий Сердюк.

Унинг сўзларига кўра, "Майдон иши"нинг тергов муддати қонунда кўрсатилган фурсатдан ошиб кетган. Қонун бўйича бир йил ичида текширув ишлари якунланиши керак.

Ҳимоячи прокуратурани тергов ишига сиёсатчиларнинг аралашувига йўл қўймасликка ва "Януковичнинг содир этилган жиноятларга алоқадорлигини исботлайдиган етарли далиллар йўқлигини жамоатчиликка очиқ ва ҳаққоний билдириш"га чақирган. У шунингдек, жараённи иложи борича омма кўз ўнгидан яширмасдан қилишни таклиф этган.

Виталий Сердюк терговчининг Виктор Янукович билан кўришиб, сўроқ қилишига имкон яратиш ҳамда бу жараённи видео анжуман шаклида ташкил қилинишини таъминлашга чақирган. Виктор Януковичнинг ўзи хавфсизлик юзасидан терговга кела олмаслигини айтган ҳимоячиси.

Феврал ойида Украина Бош Прокуратураси Виктор Януковичнинг Майдондаги қотилликларни ташкиллаштиришга алоқадорлигини аниқлаганини билдирганди. Янукович барча айбловларни инкор этган.

2014 йил қишида Киевдаги норозилик намойишида 160 инсон ўлдирилган, мингдан ортиғи яраланганди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг 19 ходими ҳам ҳалок бўлган.

Украина Бош Прокурори Виктор Шокин Майдондаги қотиллик ишини ўрганиш ниҳоясига етганини маълум қилган бўлсада, шу пайтгача бу иш бўйича бирорта ҳам маҳкама ўтказилмаган ва жиноятга алоқадор ҳеч ким, хоҳ ижрочи, ташкилотчи ёхуд буюртмачилар бўлсин, жазоланмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ