Миср: Учоқ қолдиқлари топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи other

Пайшанбага ўтар кечаси радарлар экранидан йўқолиб қолган ва сўнгроқ ҳалокатга учрагани айтилган йўловчи учоғи парчалари Ўрта ер денгизи ҳудудидан топилган.

Кенг кўламли қидирув амалиётлари ҳануз давом этмоқда. Энди учоқнинг қора қутисини топишмоқчи.

Миср ҳарбийлари чиқарган баёнотда айтилишича, қирғоқдан 300 км узоқликда йўловчиларга тегишли ашёлар ва бошқа қисмлар ҳам топилган.

Юнонистон Мудофаа вазирлиги ҳам инсон қолдиқлари, жомадонлар ва икки ўриндиқ топилгани ҳақида баёнот чиқарган.

Ҳалокатга учраган пайтида Мисрнинг EgyptAir ширкатига қарашли А320 учоғи бортида экипаж аъзолари билан бирга жаъми 66 киши бўлган.

Йўловчи учоғи Париждан ҳавога кўтарилган ва Қоҳира аэропортига яқинлашиб қолган пайтда изсиз йўқолган.

Кенг кўламли қидирув амалиётларида Миср, Юнонистон, Буюк Британия, Франция, Қибрис, Италия ва АҚШ Ҳаво ва Денгиз Кучлари иштирок этишмоқда.

Пайшанба куни кечқурун эса, Миср Президенти Абдел Фаттоҳ ас-Сисий қидирув ишларини жадаллаштиришга даъват этиб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аввалроқ Юнонистон қирғоқларидан учоқ парчалари топилган ва уларнинг А320 га тегишли экани тахмин этилганди.

Аммо, маҳаллий мутахассислар ҳалича бу хусусда аниқ бир тўхтамга келишмаганини айтишганди.

EgyptAir ширкати учоқларига хос оқ ва мовий рангдаги парчалар эса, Юнонистоннинг Карпатос ороли яқинидан топилганди.

Ширкат вакиллари ҳам бу хабарларни тасдиқлашган, аммо сўз айнан ҳалокатга учраган А320 учоғи ҳақида кетаётгани борасида ишончлари комил эмаслигини айтишганди.

Учоқ бортида бўлган 66 кишидан 56 нафари йўловчилар бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Улардан 30 нафари Миср, 15 нафари Франция ва қолганлари яна бошқа 10 давлат фуқаролари эканликлари айтилади.

Йўловчи учоғи ҳалокати сабаблари борасида турли тахминлар илгари сурилмоқда.

Миср Фуқаро Авиацияси вазири эса, пайшанба куни теракт эҳтимоли анчайин ҳақиқатга яқин фараз эканини баён қилган.

Аммо, Миср томонига кўра, бу хусусда якуний бир тўхтамга келиш учун, барибир, учоқ қолдиқларини топишлари шарт бўлади.

Шу пайтгача Миср учоғи ҳалокатига масъулиятни бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Бу ҳақда АҚШ Федерал Қидирув Бюроси раҳбари Жеймс Коми ҳам баён қилган.

Унинг маълум қилишича, фожеа сабабини аниқлаш учун бошқа қатор хорижий давлатлар махсус хизматлари билан ҳамкорликда иш олиб боришмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ