Папа ва Бош муфтий учрашмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Насроний ва Ислом олами икки энг олий рутбали пешволари душанба куни учрашишмоқчи.

Ҳар икки дин вакилларининг бирдек эътироф этишларича, бунақаси шу пайтгача бўлмаган.

Ватикан воизи Федерико Ломбардининг “Франс-Пресс” ахборот агентлигига маълум қилишича, Рим Папаси Франсис ва “Ал-Азҳар” масжиди Бош муфтийси Шайх Аҳмад ат-Тойибнинг учрашувига ҳамма ҳозирликлар аллақачон кўриб бўлинган.

Бенедикт XVI папалиги даврида бу икки дин вакиллари орасидаги муносабатларга жиддий дарз етган ва худди шу боис ҳам, душанба кунги учрашув жуда катта рамзий маъно ташиши айтилмоқда.

Бунга Бенедикт XVI нинг 2006 йилда Ислом динини зўравонликларга боғлаб қилган чиқиши сабаб бўлган.

Бунинг ортидан, дунёнинг қатор давлатларида қонли намойишлар ва насронийларга қарши ҳужумлар ҳам кузатилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Икки ўртадаги алоқалар фақат орадан уч йил ўтибгина ўнглана бошлаган, аммо 2011 йилга келиб “ал-Азҳар” масжиди яна Ватикандан юз ўгирганди.

Мисрнинг Александрия шаҳридаги черковга уюштирилган ҳужумлар ортидан Бенедикт XVI у ердаги насроний озчилигини ҳимоя этишга даъват қилиб чиққан.

“Ал-Азҳар” эса, ўша пайтдаги Рим Папасининг бу чақириғини “Мисрнинг ички ишларига аралашиш”, деб топганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2013 йилда Франсис ҳазратлари Бенедикт XVI нинг ўрнини эгаллайди ва асосий эътиборини динлараро алоқаларни яхшилашга қаратиш ниятида эканини шахсан баён қилади.

Худди ўша йилнинг ўзида Ислом оламини Рамазон Ҳайити билан қутлаб, табрик ҳам юборади.

Орадан йил ўтиб, “Ал-Азҳар” Ватиканда бўлиб ўтган, замонавий қулчилик ва ноқонуний одам савдосига қарши курашга қаратилган динлараро йирик анжуманда иштирок этади.

Рима Папаси эса, анжумандан қисқа вақт ўтмай, яҳудий ва мусулмон оламининг икки кўзга кўринган олими билан бирга Иордания ва Исроилга сафар қилади.

Рим Папаси ва мусулмонлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Юнонистоннинг қочқинлар билан тўлиб-тошган Лесбос оролига шахсан ташриф буюриб, суриялик уч мусулмон оиласини ўзи билан бирга Ватиканга олиб қайтаркан, шу йилнинг апрел ойида 79 ёшли Рим Папаси дунё бўйлаб катта шов-шувларга сабаб бўлади.

Аммо қилган бу иши учун ўз дини вакиллари томонидан танқидларга ҳам учрайди.

Таъкидлаш жоиз, янги Рим Папаси ҳам Ислом динининг ўзи муаммоли, деб кўрган жиҳатлари борлигини кўрсатиб, орада айрим мусулмон лидерлари Ислом дини номидан амалга оширилаётган экстремистик ҳужумларни “ошкора қоралаб чиқишса, ажойиб иш бўлиши”ни ҳам баён қилишга улгуради.

Папанинг бу сўзларини Суриядаги мавжуд фуқаролар уруши ва ИШИД гуруҳининг фаоллашуви манзарасида Яқин Шарқдаги насронийларнинг тақдирларидан кучайиб бораётган хавотирларга йўйишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Таҳлилчиларга кўра, Ватикан ИШИД ўзга дин вакилларини Ироқ ва Суриядан сиқиб чиқаришга аҳд қилган, деган ишончда ҳамда бунинг олдини олиш учун ҳам, ҳозир Ислом дини пешволари билан муносабатларини яхшилашга зўр бермоқда.

Бошқа бир қарашларга кўра, католик насронийларининг энг Олий идораси Ислом оламида ички зиддиятлар мавжуд, деган қарашда ва бу муаммо холис ечимини топиши учун Ватикан ҳам фаоллик билан дипломатияга зўр бериши керак, деган ўйда ҳам бўлиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ