EgyptAir ҳалокати олдидан тутун огоҳлантирувчиси ишлаб кетган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

EgyptAir учоғи Ўрта Ер денгизига қулашидан бир неча дақиқа олдин ёнғиндан огоҳлантирувчи тутун детекторлари ишлаб кетган.

Бу ҳақда авиация саноатига бағишланган веб-сайт Aviation Herald хабар тарқатган, бу хабарни Франция терговчилари ҳам тасдиқлаганлар.

Учоқ ичида тутун детектори ишлаб кетгани ҳақидаги маълумот учоқлар билан техник мулоқот тизими - Aircraft Communications Addressing and Reporting System - ACARS дан олинган, Aviation Herald хабар қилишича, Миср учоғидан келиб турган хабарни уч мустақил манба тасдиқлаган.

Учоқ қулашидан бир неча дақиқа аввал бортдаги ҳожатхоналардан бирида тутун детектори ишга тушиб кетган, бироз вақтдан кейин учоқнинг радиоэлектрон бўлимида тутун борлиги ҳақида маълумот тарқалган, орадан кўп ўтмай учоқ билан алоқа йўқолган.

Aviation Security International Magazine нашри Филип Баумнинг Би-би-сига айтишича, бу нарса учоқ ҳалокатига техник носозлик сабаб бўлгани эҳтимолини истисно этмайди.

"Балки бу учоқни гаровга олиш, учувчилар кабинасидаги тўқнашув эмас, бортдаги ёнғин бўлиши мумкин. Бу техник ўт чиқишимиди, ёки қисқа туташув ёки бомба портлашими, бунисини биз билмаймиз", деб айтган Филип Баум.

Бортида 66 инсон билан Париждан Миср пойтахти Қоҳирага парвоз қилган А320 учоғи 19 май тунида Ўрта Ер денгизи устида радарлардан ғойиб бўлган, бир неча соатдан кейин учоқнинг денгизга қулагани тасдиқланди.

Юнонистон расмийлари хабар қилишича, ҳалокатдан олдин учоқ икки марта кескин айланиш қилган ва тезлик билан баландликни йўқота бошлаган, сўнг денгизга қулаган.

20 май куни Юнонистон ҳарбийлари Ўрта Ер денгизида инсон қолдиқлари, жомадонлар ва икки ўриндиқ топилгани ҳақида баёнот тарқатган.

Денгизнинг Миср қирғоқларидан 280 километрча узоқликдаги қисмида MS804 учоғи парчалари билан бирга йўловчиларга тегишли шахсий буюмлар топилгани хабар қилинган.

Учоқдаги йўловчиларнинг 30 нафари Миср, 15 нафари Франция ва қолганлари яна бошқа 10 давлат фуқаролари бўлганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ