Горбачёв: Путиннинг ўрнида мен ҳам шундай қилардим

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Собиқ Иттифоқнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв Sunday Times рўзномасига берган интервьюсида Россиянинг Қримни аннексия қилишини ёқлаган.

Унинг сўзлашича, Путиннинг ўрнида ўзи бўлганида у ҳам айнан шундай қилган бўлар эди. "Мен ҳар доим халқнинг иродаси томондаман, Қримдаги аксарият Россияга қўшилишни хоҳлаган эди", деб айтган Горбачёв.

"Фақат бир сабаб билан мен Путин каби ҳаракат қилмаган бўлардим, агар ҳокимиятда бўлсам, Совет Иттифоқи мавжуд ва Қрим унинг таркибида ҳисобланганида", деб изоҳлайди жаноб Горбачёв.

Sunday Times мухбирига кўра, Шўролар Иттифоқининг биринчи президенти ҳануз унинг парчаланганидан афсусланади.

Горбачевнинг айтишича, "улкан бойликлари ва имкониятлари бўлган буюк давлат ғойиб бўлди".

"Кўпчилик россияликлар мен каби фикрдалар: улар СССРни қайтаришни хоҳлашмайди, лекин у вайрон бўлганидан чуқур афсусланишади", деб қайд этган собиқ президент.

Россиядаги бир қанча сиёсатчилар Совет Иттифоқининг парчаланиши буюк геополитик фожеа бўлгани ва унда Горбачёвнинг роли катталигини урғулаб, ҳатто уни маҳкамага тортиш чақириқлари билан чиққандилар.

Горбачевнинг ўзи уни судлашга чақириқлар "ақлсизликдан бошқа нарса эмас" деб айтган.

Журналистнинг Путин билан муносабатлари ҳақида берган саволига Горбачёв, "бизда ҳар доим нормал муносабатлар бўлган. Лекин ҳозир уни қониқарли деб айта олмайман. Бизда ҳозир ҳеч қандай алоқа йўқ", деб жавоб берган.

Бундан олдин Путиннинг ички ва ташқи сиёсатини бир неча бор танқид қилган Горбачёв Қримнинг қўшиб олиниши ҳақида ижобий фикр билдирганди.

"Мен хурсандман қўшилувдан. Қрим референдуми Совет даври хатосини тузатди. Бу вазиятда шундан келиб чиқиб гапириш керакки, одамлар ўз хоҳишларига қарши Украина ҳудудида бўлиб қолишганди. Бунинг ҳаммаси уларнинг хоҳишларига қарши қилинган. Улар албатта Никита Хрушёв нега бундай қилганига жавоб беришолмасди.

Муаммо бўлган ва ҳар доим ўсиб келган. Референдум Қримдаги одамларнинг фикрларини ойдинлаштириш учун ўтказилди. Бу уларнинг ҳуқуқи. Референдумлар бизда кўп жойда ўтказилади. Ўтказишди. Аниқ бўлишича, Қримдаги руслар Россияга қайтишни исташади. Балки, референдум ўзининг натижалари билан ҳаммани ҳайратга солган бўлса керак. 90 фоиздан ортиқ аҳоли қўшилишга рози. Бу ҳамманинг кўз ўнгида очиқ жараён бўлди, ҳеч бир кўзбўямачилик бўлмади. Бу билан ҳисоблашиш лозим. Энди биз дўстона ҳаёт кечиришимиз керак. Биз энди Украина билан бир-биримизни қуввватлашимиз, ривожланишимиз керак", деб айтганди собиқ президент.

Дунёдаги қатор давлатлар Қримни аннексия қилиши ортидан Россияга қарши иқтисодий санкциялар киритганлар. Украинага нисбатан сиёсати боис Россия йирик саккизлик таркибидан ҳам чиқарилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ