Рамзан Қодировдан шикоятнинг баҳоси қанча?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Чечен қишлоғи кенхилик Рамазон Жалолиддиновнинг Рамзан Қодиров устидан Президент Путинга арз қилиши Чеченистон учун ноодатий ҳолдир.

Маҳаллий ҳукуматдагиларнинг бунга муносабати эса, аксинча бутунлай хос, кутилганидек бўлди- шикоятчини тўғри бўлмаган хабар тарқатишда айблашди ва омма олдида айбдорга чиқаришди. Бироқ воқеа шу билан тугагани йўқ, Жалолиддинов билан боғлиқ тарих давом этди.

Чеченистон раҳбари кутилмаганда нафақат кехинликлар ҳаёти учун ғамхўрлик қилиш, балки бутун туман ҳақида қайғуриш қарорига келиб, 2016 йилни "Шарой тумани йили" деб эълон қилди. Бу эса, туманда йўлларни таъмирлаш, алоқа тизимларини яхшилаш ва бошқа турли қурилишлар бўлишини англатади.

Умуман олганда, оддий фуқаронинг шикояти нафақат бутун туман бўйлаб кенг миқёсдаги ўзгаришлар учун туртки бўлди. Чеченистонда ҳамма ҳам ўзида чечен куч ишлатар тизимлари ва давлат матбуотининг босимларини синаб кўришга журъат қилавермаслиги тушунарли бўлсада, Жалолиддинов мисоли қанчалик таъсирли бўлиши мумкин?

Бунга ўхшаш ҳодиса Чеченистонда ўтган йил декабр ойида ҳам юз берган, Надтеречний туман фуқароси Ойша Инаеванинг амалдорлар зўравонликларидан шикояти Рамзанга эмас, Путинга йўналтирилган эди. Натижада аёлни деярли барча гуноҳларда айблаб, уни омма олдида товба қилишга мажбурлашган. Ҳамқишлоқлари бир овоздан аёлни одобсизликда айблаганлар, шу билан бирга Рамзан Қодировдан битта аёл учун бутун туманга кек сақламасликни илтимос қилганлар.

Жалолиддинов билан сал бошқача бўлди. Биринчидан, у маҳаллий "подшоҳ"га эмас, тўғридан-тўғри Президент Путинга мурожаат қилди. Иккинчидан, этник авар бўлган Жалолиддинов ўз қишлоғидан Доғистонга кетиб, юз бериши мумкин кўнгилсизликлардан қутилиб қолди. Учинчидан, ҳамқишлоқлари уни ҳам оммавий, телевизор орқали қоралашган бўлсаларда, Путинга мурожаат бу сафар таъсирсиз қолмади.

Рамзан Қодиров бошида вазиятни ўрганишни ўзининг маъмурияти раҳбари Ислом Қодировга топширди, сўнгра ўзи ҳам қишлоқни бориб кўрди ва муаммо борлигига шахсан гувоҳ бўларкан, тантанали равишда чеченистонликлар учун "Шарой тумани йили" деб эълон қилиб юборди. Энди ҳукуматдагиларга ишониладиган бўлса, яқин икки-уч ой ичида Шаройнинг Кенхи дохил бошқа қишлоқларини ҳам катта ўзгаришлар кутади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Рамзан Қодиров ўзини ягона хўжайин ва бошқарувчи деб ҳисоблар экан, Жалолиддиновнинг Путинга Қодиров ҳукуматини танқиди кўп маҳаллий кишилар томонидан адолатга эришмоқчи бўлган кишининг иложсизлиги сифатида, шу билан бирга, жасоратли қадам дея қабул қилинмоқда.

"Мен Жалолиддиновнинг Путинга мурожаатини кўрдим. Бу инсоннинг жасоратига қойил қолиш керак, чунки у ҳамма биладиган, лекин айтишга қўрқадиган нарсалар ҳақида очиқчасига айта олди. Мисол учун порахўрлик ва маошларнинг берилмаслиги, ушлаб қолиниши. Бу нафақат Кенхи, балки бошқа шаҳар, қишлоқларда ҳам шундай. Қодировнинг ўша қишлоққа боргани ва қурилишлар ҳамқишлоқлари камера орқали сўккан айнан Жалолиддиновнинг хизмати бўлади. Уни уришиш эмас, балки раҳмат айтиш керак эди",- деб ҳисоблайди чеченистонлик Имрон.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Баъзилар эса шикоятчи осонгина қутулиб қолди, дейишади.

"Жалолиддиновнинг омади бор экан. У Доғистонда бўлган қариндошларининг олдига кетди. Фақат шу уни жазодан сақлаб қолди. Мен ва бошқалар ҳам ундай қила олмасди. Менинг маошимни ҳар ой билмайман нима учун бир қисмини ушлаб қолишади. Урушда йўқотилган уй, мол-мулкларим учун товон пули олмаганман. Чунки қўшимча пул берганим йўқ. Бироқ мен бу муаммоларни айта олмайман ёки ошхонада дўстларим билан гурунглашаман холос. Бироқ оилам, ўзим учун очиқ айтишга қўрқаман. Бу оддий қишлоқлик ишчи қила олди. Бунинг учун раҳмат унга", дейди вазирликларнинг бирида ишлайдиган ходим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Чеченистонликларнинг кўпчилиги Жамолиддиновнинг қишлоғига қайтмаслигини маслаҳат беришади. Унинг нормал яшашига барибир йўл беришмайди. Чунки ҳозирги ҳукумат учун у душманга айланди, дейди улар.

Бироқ кенхиликлар Жамолиддиновга Доғистонда ҳам осон бўлмаслиги, куч ишлатар тизим ходимлари кенхиликлардан унинг турар жойи ҳақида маълумот беришни талаб қилганларини айтишган. Гувоҳларга кўра, Доғистондаги масжидлардан бирига кириб кетаётган Жамолиддиновни ўғирламоқчи ҳам бўлганлар.

Кенхида эса унинг уйи номаълум кишилар томонидан ёқиб юборилган. Расмий маълумотлар бўйича- техник носозлик туфайли ёнғин келиб чиққан.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonb
  • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ