Тож Маҳал рўбарў келган беш хатар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ҳиндистонда бобурийлар қурган афсонавий Тож Маҳал.

Сўнгги юз йилликда 17 асрда қурилган мавзолей-масжид турли хавфлар қаршисида қолган.

Ҳиндистоннинг Аграсида, Жамна дарёси қирғоғида жойлашган афсонавий Тож Маҳал охирги ҳафталарда кучли яшил тусга кирган.

Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мутахассислари айтишича, ифлосланган Жамна дарёсидан чиқаётган зараркунандалар Тож Маҳалнинг оппоқ мармар деворларига яшилсифат қора изларини қолдиришган.

Охирги юз йилда 17 асрда бунёд бўлган мавзолей-масжид турли кўринишдаги таҳдидларга учраган - ифлосланишдан тортиб, виждонсизларча қурилган крематория ва бомба хавфигача.

Би-би-сининг Деҳлидаги мухбири Гита Пандей "муҳаббат ёдгорлиги"га ўтмишда ва ҳозирда мавжуд беш хавфдан иборат рўйхатни тузган.

Зараркунандалар

Лотин тилида chironomus calligraphus деб аталадиган қуртлар ёки зараркундалар чиқарадиган қолдиқлар Тож Маҳални оқ рангдан яшилга айлантирмоқда, дейди атроф муҳитни ҳимоя қилиш ходими Жоши.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Archaeological Survey of India
Image caption Тож Маҳалнинг яшилсифат деворлари.
Фото муаллифлик ҳуқуқи VIVEK JAIN
Image caption Зараркунандалар ҳаммаёқда ўз асоратларини қолдиришади.
Фото муаллифлик ҳуқуқи Archaeological Survey of India
Image caption Тож Маҳал деворларидаги зараркунандалардан чиқадиган қолдиқлар.

Фаол ҳатто Миллий яшил трибуналга- ҳукумат томонидан атроф-муҳитга алоқадор баҳс-муаммоларни ечиш учун тузилган идорага, петиция ҳам жўнатган. Петицияда ифлосланган Жамна дарёсида фавқулодда тез кўпайиб бораётган зараркунандалар афсонавий меъморлик обидаси гўзаллигига путур етказаётганлиги айтилади.

"52 қувурдан Жамна дарёсига тушадиган оқавалар шундоққина Тож Маҳалнинг орқа томонидан ўтади. Жамна шу даражада ифлосландики, ҳатто зараркунда қурт-қумурсқаларнинг кўпайишига табиий равишда мослашган балиқлар энди ўлиб кетмоқда. Қурт- қумурсқалар даҳшатли тарзда кўпаймоқда", дейди Жоши Би-би-сига.

Зараркунандалар мавзолейнинг мармар деворларига қолдирадиган излар доимий равишда ювилади. Аммо, дейди Жоши, кўп маротабалаб кимёвий тозалаш мармарнинг табиий таровати, жилваси, ялтирашини олиб қўяди.

Унинг сўзларига кўра, муаммони бошқача ечиш: шунчаки Жамнани тозалаш керак.

Душанба куни Уттар-Прадеш штати вазири маҳаллий амалдорларга муаммо сабабини топиш ва уни ечишга кўрсатма берган.

Ифлосланиш

Тож Маҳал Темурийлар авлодидан бўлган Ғарбда Буюк Мўғуллар деб аталадиган, Заҳириддин Бобур асос солган подшоҳликнинг ҳукмронларидан Шоҳ Жаҳон томонидан унинг суюкли рафиқаси, 14 нчи фарзандини дунёга келтираётиб вафот этган Мумтоз Маҳал хотирасига атаб қурилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи DK JOSHI
Image caption Жошига кўра, муаммони ечиш осон: Жамнани тозалаш керак.

Тож Маҳални кўпинча дунёнинг етти мўъжизасидан бири дейишади. У Ҳиндистонда сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган зиёратгоҳ ҳисобланади.

Бироқ атроф-муҳитнинг ифлосланиши, бунга сабаб бўлаётган Аградаги турли ишлаб чиқариш бинолари ва нефтни қайта ишлаш заводи Тож Маҳалнинг оппоқ мармарига сариқ тус бермоқда.

Ёдгорликнинг ўтмиш гўзаллигини тиклаш учун археологлар мавзолей деворларига "лойдан косметик ниқоб"лар суришади, бу эса ифлослантирувчи нарсаларни тортади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Archaeological Survey of India
Image caption Лойдан ниқоблар Тож Маҳал деворларига кўп марта суртилган.

Ҳиндистон Архелогия бошқармасидан Манож Бхатнигорнинг Би-би-сига айтишича, бу маскалар ҳинд аёллари томонидан ишлатиладиган анъанавий рецептларга асосланган.

Кимёвий модда таркибида ҳинд аёллари пардозида ишлатиладиган анъанавий воситалар бўлади ва у табиий чиройни қайтаришга ёрдам беради деб ишонилади.

"Бой таркибдан иборат қоришма сув билан аралаштирилади ва деворга ёпиштирилади, у ерда 24 соат давомида қуриши учун қолдирилади. Шундан сўнг лой кўчириб олинади, юза қисми эса ифлосланган нарсани олиб ташлаш учун дистилланган сув билан ювилади", дея тушунтиради қўлланиш усулини Бхатнигор.

Бу каби косметик маскалар 1994, 2001, 2008 ва 2014 йилларда мавзолей деворига сурилган.

Кейинги "гўзаллик сеанси" Ҳиндистонда иссиқ мавсум ўтиши билан режалаштирилган.

Савдо маркази

2002 йил ноябрда Тож Маҳал жойлашган Уттар-Прадеш штатининг ҳукумати мавзолей яқинида савдо маркази қуришни бошлаган.

Ўшанда расмийлар савдо маркази Тож Маҳал атрофидаги дўконларни жойлаштириш учун қурилаётганини билдирганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Тож Маҳал олдида савдо маркази шу тариқа қурилмади.

Расмийларга кўра, янги савдо маркази очилиши билан сайёҳлар Тож Маҳалга тиқилинч, ифлос кўчалар оралаб боришдан қутуладилар.

Фаоллар савдо маркази қурилишига қарши чиқдилар. Уларга кўра, бу каби қурилишлар атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қонунига зид бўлиб, меъморлик обидасини хавф остига қўяди.

Шундай қилиб қурилиш лойиҳаси ҳам тўхтади.

Дафн гулханлари

Ўтган йил Ҳиндистон Олий маҳкамаси дунёга машҳур Тож Маҳал мақбарасини асраш мақсадида мақбарага яқин ўтин билан жасад куйдириладиган маросим жойини кўчиришга буйруқ берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Дафн маросимлари пайти ёқилган гулханлардан чиққан тутун ва кул Тож Маҳални ифлослантирмоқда.

Маҳкаманинг билдиришича, штат ҳукумати ифлосланиш даражасини камайтириш учун 200 йиллик крематорийни бошқа жойга кўчириши ёки электр печларидан фойдаланишга ўтишлари керак.

Ҳукумат бунга кўнган, бироқ кўп ўтмай, баъзи ҳиндуларнинг норозиликларига дуч келган.

Шу тариқа крематорий ҳам ўз жойида ишламоқда.

Бомба ва террор таҳдиди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Тож Маҳал қўриқчиларини бир неча баробар кўпайтирилган.

Ўтган йил "Ал Қоида" жангари гуруҳи мавзолейга ҳужум қилиши ҳақида тарқалган хабарлар орқасидан Тож Маҳални қўриқлаш кучайтирилган.

2001 йилда ҳам Покистонда жойлашган "Лашкари Тойиба" жангари гуруҳининг Тож Маҳални нишонга олиш таҳдиди туфайли деб ҳукумат хавфсизлик чораларини оширади.

Ўз ўрнида жангарилар Тож Маҳалга ҳужум қилмоқчи бўлмаганликлари, бу тўғрисида миш-мишлар эса ҳукуматнинг уларни ёмонотлиқ қилишга уринишлари эканини айтиб чиққанлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾◾Google+BBC UZBEK
  • ◾◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ